Ру Ўз O`z En

Юрист шарҳи: Инспекцияга қўшимча ваколатлар берилди

21 Декабрь 2023 2387

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 11-декабрдаги 653-сонли қарори билан “Ўзагроинспекция” вазифа ва функцияларига ўзгартиришлар киритилиб, қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 11-декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат бошқаруви такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 653-сонли қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 12-июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 575-сон қарорига қуйидаги ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилган:

1. 575-қарор билан Инспекция давлат бошқаруви органидан республика ижро этувчи органига ўтказилган ҳамда ўзига берилган ваколатлар доирасида Ўзбекистон Республикасининг агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш вазифаларини амалга ошириши белгиланган.

2. Инспекциянинг асосий вазифалари:

I. Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг етиштирилишини назорат қилиш йўналишида:

Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 13-майдаги 282-сон қарори 14-бандига мувофиқ мевали дарахт ва ток кўчатларини сертификатлаштириш, мевали дарахт, ток кўчатлари ҳамда улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувини ўтказиш ҳамда уруғчилик соҳасига жаҳон ютуқларини татбиқ этиш, уруғлар сифатини халқаро ва миллий стандартлари асосида аниқлаш ва сертификатлаштириш устидан;

Қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик ва кўчат материалларини лаборатория шароитида сифат кўрсаткичларини аниқлаш ва сертификатлаш бўйича ишларнинг амалга оширилиши устидан;

импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик ва кўчат материалларида гени модификацияланган организмларнинг (ГМО) ҳамда хавфли яширин вирусли касалликларнинг мавжудлиги аниқланиши устидан;

пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда уларнинг қайта ишланган маҳсулотлари бўйича доимий ҳамда даврий синаш ва сертификатлаштириш ишларининг ўтказилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик ва кўчат материалларини махсус синаш участкаларида экиш ҳамда генетик софлиги сифатини текшириш орқали уларнинг муайян турга ва навга мансублиги, шунингдек, нав жиҳатдан софлиги бўйича ўтказиладиган баҳолаш ишлари устидан назорат қилиш вазифаси қўшимча киритилган.

II. Пахта хом-ашёси, дон ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш йўналишида:

мулкчилик шаклидан қатъи назар, қайта ишловчи корхоналар томонидан техник чигитни тўлиқ технологик циклда (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш) мақсадли қайта ишланганлиги ва маҳсулот сифатини тасдиқловчи гигиеник хулосанинг мавжудлиги ҳамда техник регламент ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлиги таъминланганлиги устидан;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, қайта ишловчи корхоналарда 3 ва ундан юқори синфлардаги буғдойдан ун ишлаб чиқариш бўйича қувватларнинг мавжудлиги ҳамда уларда технологик жараёнларнинг белгиланган талабларга мос келиши, маҳсулот сифатини назорат қиладиган лабораториялар фаолиятининг технологик цикли бўйича тўғри йўлга қўйилганлиги устидан назорат қилиш вазифаси қўшимча киритилган.

III. Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш йўналишида:

қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва экиш билан боғлиқ ҳамда ўсиш (вегетация) даврида бажариладиган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда минерал ўғитлар ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши қўлланиладиган кимёвий препаратлар, шунингдек, биомаҳсулотларнинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилиши, сақланиши, реализация қилиниши ва мақсадли қўлланилиши устидан назорат қилиш вазифаси қўшимча киритилган.

IV. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш йўналишида:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга оширилиши, бунда:

қишлоқ хўжалиги ерларидан белгиланган мақсадларда фойдаланиши устидан;

тупроқнинг унумдор қатламларининг рухсатсиз олиб ташланиши, кўчирилиши ва йўқ қилинишини тақиқлаш ҳамда ерларнинг қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиқиб кетишига йўл қўймаслик устидан;

қишлоқ хўжалиги ерларида ўтказиладиган хатлов ва тупроқ сифатини аниқлаш ишларининг белгиланган тартибда амалга оширилиши устидан;

суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларига қишлоқ хўжалиги экинларининг экилмасдан қолиш ҳолатлари устидан;

ерларни рекултивация қилиш бўйича талабларга риоя этилиши устидан;

ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқишга сабаб бўлган ҳолатлар натижасида етказилган зарарларнинг ундирилиши устидан назоратни амалга ошириш вазифаси киритилган.

V. Техника ҳолатини назорат қилиш йўналишида:

идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, эксплуатация қилиниши самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати бўйича назоратни амалга ошириши белгиланган.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини ишлаб чиқарувчи ёки махсус савдо ташкилотларида харидорларга сотилган янги техникалар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар билан бирга Инспекцияда рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган «Ҳисоб-маълумотнома» бериши;

Инспекция томонидан мулкчилик шаклидан қатъий назар қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан амалга ошириладиган назорат тадбирлари, истисно тариқасида, текширувларнинг «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинмаган ҳолда амалга ошириши белгиланган.

VI. Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология йўналишида:

пахта ва бошоқли дон экинлари уруғлари сифатини аниқлаш усулларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва такомиллаштириш ҳамда уруғлик етиштириш ва унинг сифатини аниқлаш бўйича техник регламентлар ҳамда стандартлар, методикалар ва йўриқномалар ишлаб чиқишда иштирок этади;

Агросаноат мажмуи соҳасида стандартлаштириш бўйича техник қўмитани ташкил қилиш ва унинг фаолият юритишини таъминлайди;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатини шакллантиришда иштирок этади ҳамда агросаноат мажмуи соҳасидаги маҳсулот турлари бўйича руйхатга киритилиши ёки чиқарилиши юзасидан хулосалар бериш вазифаси қўшимча киритилган.

3. 2023-йил 10-июньдаги ПФ-90-Фармон 8-банди а-қисмига мувофиқ Инспекцияга ваколатлар доирасида тўғридан-тўғри маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар расмийлаштириш ва айбдор шахсларни жаримага тортиш ваколати берилди.

Ш.Бўронов, Инспекциянинг Юридик таъминлаш бўйича бош мутахассиси

Text to speech