Республикада бугунги кунда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидиялар ажратишда тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, мазкур фаолиятни амалга оширишда мамлакат раҳбарининг “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, Ҳукуматнинг 2021 йил 12-июлдаги "Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 434-сон қарорлардаги нормалар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жойларда мазкур Қарорларнинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар ва профилактик тадбирлар доимий равишда ўтказиб келинмоқда.
Шу билан бирга, соҳа инспекторлари томонидан тадбиркорларнинг субсидия ажратиш тўғрисидаги мурожаатлари ҳам қарор доирасида жойига чиқиб ўрганилган ҳолда, амалий кўмаклар берилмоқда.
Жумладан, Навоий вилояти Кармана туманида фаолият юритиб келаётган паррандачиликка ихтисослашган "Шердор Зарафшон" МЧЖ да бугунги кунда паррандаларнинг ROSS-308 кроссига мансуб 20 минг бошдан ортиқ гўшт йўналишида броллер жўжалари парвариш қилинмоқда.
МЧЖ раҳбари А.Хадиевнинг субсидия ажратиш тўғрисида йўллаган электрон мурожаатига асосан, "Ўзагроинспекция" туман бўлими ҳамда тегишли ташкилотлар ходимларидан иборат туман комиссияси иштирокида МЧЖда ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, ҳукуматнинг юқоридаги 434-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ келиши ҳисобга олиниб, мазкур паррандачилик хўжалигига субсидия ажратиш ҳақида ижобий ҳулоса берилди.
Шунингдек, тумандаги чорвачиликка ихтисослашган “Истиқбол” фермер хўжалигида ҳам субсидия ажратилиши юзасидан ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ўтказилди.
Мазкур чорвачилик хўжалигида бугунги кунда сут йўналишида 160 бош наслли гольштин ва қора-ола зотли наслли моллар парвариш қилиб келинади.
Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, мазкур хўжаликка ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 434-сонли қарори Низоми асосида субсидия ажратиладиган бўлди.
Маълумот ўрнида, юқорида келтирилган Низомга кўра, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган субсидия олувчиларга Республика бюджетидан қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:
-паррандачилик ҳўжаликларига - ўз ҳўжаликларида етиштирилиб, сотилган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 2022 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар 2 500 сўм (бунда субсидия қўшилган қиймат солиғидан вақтинча озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади), 2024 йил 1-январдан бошлаб 1 000 сўм;
-чорвачилик ҳўжаликларига - ўз ҳўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун сотилган йирик ва майда шохли моллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2022 йил 1-январдан бошлаб 2023 йил 31-декабрга қадар 4 000 сўм ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 400 сўм. Бунда субсидия қўшилган қиймат солиғидан вақтинча озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланиши кўрсатилган.
Ўрганишлар давомида тадбиркор ва фермер хўжалик раҳбарларига Инспекция туман бўлими томонидан қарор мазмун-моҳияти кенг тушунтирилиб, оғзаки ва ёзма кўрсатмалар берилди.
З.Бобоева, “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати бош инспектори