Самарқандда “Бир маҳалла-бир маҳсулот” тамойили асосида тупроқ ва иқлим шароити ҳисобга олинган ҳолда қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Каттақўрғон туманида азалдан полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш анча ривожланган. Яқиндан бошлаб Каттақўрғонликлар қулупнай етиштиришнинг анча ҳадисини олишди.
Туман ҳокимлиги қулупнай етиштиришда замонавий инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш, асосан, “Андижон усули” да плёнка остида қулупнай етиштириб, йилнинг тўрт фаслида ҳам бозорлар расталари ва дастурхонларимизни сарҳил маҳсулотлар билан таъминлаш юзасидан ташаббус билан чиқишди.
Жорий йилда туман фермерлари, тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари билан келишган ҳолда жами минг гектар майдонга Польшадан келтирилган қулупнай навларини экиш режалаштирилган.
Қулупнай майдонлари тўлиқ томчилатиб суғориш асосида парваришланади. Лойиҳа тўла қувват билан ишга туширилганда йилига 30 минг тонна экспортбоп қулупнай етиштириш кўзда тутилган. Маҳсулотнинг 10 минг тоннасини экспортга, қолган 20 минг тонна қулупнай ички бозорга чиқариб сотиш режалаштирилган. Биргина ички бозорга етказиб берилган маҳсулот эвазига 20 миллиард сўм соф фойда олиш мўлжалланмоқда.
Ўтган йили Каттақўрғон туманидаги Рўзимурод Мавлонов фермер хўжалиги томонидан Польшадан эскпортбоп қулупнай уруғи келтирилиб, 18 гектар ер майдонида экиб маҳаллийлаштирилди. Қулупнай тўлиқ плёнка остига экилиши ҳисобга олиниб, айни вақтда тегишли захира шакллантирилган. Ҳозирги кунда Рўзимурод Мавлонов фермер хўжалиги томонидан тумандаги фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун сифати кафолатланган қулупнай уруғи етказиб бериш йўлга қўйилган. Шу кунга қадар хориж тажрибаси асосида 1 гектар ерга 40 минг дона қулупнай кўчатлари экилди.
Шунингдек ушбу туманда қулупнай кўчатларини замонавий сеялкаларда экиш йўлга қўйилган. Маҳаллий рационализаторлар Туркиядан келтирилган замонавий сеялкаларга қўшимча ускуналар ўрнатилиб, қулупнай кўчатлари экиш учун мослаштирилди. Ушбу сеялкалар билан бир кунда 10 гектар ер майдонда қулупнай кўчатлари экилмоқда.
Мазкур тадбирда иштирок этаётган қишлоқ хўжалиги техникаларининг унумли ишлаши, ёнилғи мойлаш материалларининг мунтазам тарзда келтирилиши, далада ишлаётган ишчилар учун зарурий шароитлар яратилганлиги туман инспекцияси инспекторлари томонидан доимий ўрганиб, амалий ёрдам бериб келинмоқда,- дейди Инспекциянинг Каттақўрғон тумани бўлими бошлиғи Нурали Намазов.
Излаган имкон топади, шундай экан Каттақўрғонлик деҳқонларнинг ушбу ташаббуси ҳадемай бутун мамлакат бўйлаб қанот ёйиб, экспортбоп маҳсулотлар сони ва тури яна биттага кўпайса ажаб эмас.
А.Худоёров, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори