Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 733-сонли қарорига асосан, “Uzbek seeds” миллий бренди остида уруғлик етиштириш, истеъмолчиларга етказиш, импорт ва экспорт билан шуғулланувчи замонавий корхоналар ташкил этиш белгиланган.
Мазкур қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида уруғлик ишлаб чиқаришга ихтисослашган, замонавий инновацион технологиялар билан жиҳозланган корхона ўз фаолиятини бошлади.
Ҳозиргига қадар, туман эҳтиёжи учун зарур бўладиган уруғлик ғалла “Оқтошдон” АЖ га қарашли “Зирабулоқ” ҳамда “Самарқанддон” АЖ га тегишли “Нуробод” уруғлик цехлари томонидан келтирилар эди.
Туманнинг ўзида сифатли уруғлик дон етиштиришни йўлга қўйиш мақсадида, “Каттаминг уруғчилик кластери” МЧЖ ташкил этилган бўлиб, унинг қошида замонавий, инновацион технологиялар билан жиҳозланган уруғлик цехи барпо этилди. Корхонада Туркиядан келтирилган 350 минг АҚШ доллари миқдорида асбоб-ускуналар ўрнатилган бўлиб, соатига 5 тонна сифатли уруғлик дон тайёрлаш имконияти мавжуд.
Энг асосийси, уруғлик ғалла турли нав аралашмаларидан йироқ, экологик тоза. жаҳон андозаларига мос, замонавий технологияларнинг афзалликларидан яна бири шундаки, бир вақтнинг ўзида уруғлик донни тозалаш, саралаш, дорилаш, колибровкалаш, қоплаш сингари бешта муҳим жараён амалга оширилади. Уруғлик дон беш гуруҳга бўлинган ҳолда, таркибидаги бегона ўт ва навлар ажратиб олинади.
Кластер корхонаси томонидан уруғлик дон етиштиришга илмий асосда ёндашиш, иқлим шароитига мос серҳосил ва эртапишар навлар яратиш юзасидан лойиҳалар белгиланмоқда. Айни кунларда бу ерда 15 нафар маҳаллий ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди.
-Келгуси йил ҳосили учун Каттақўрғон туманидаги мавжуд 220 та фермер хўжаликларининг 8 минг 926 гектар ер майдонига экилиши режалаштирилган 2 минг 250 тонна уруғлик ғалла тўлиқ кластер корхонаси томонидан етказиб берилади.
Замонавий уруғлик цехи томонидан ишлаб чиқарилаётган уруғлик ғаллани нав ва авлодлар бўйича алоҳида-алоҳида жойлаштириш, шунингдек, тайёрланган уруғлик донни давлат стандартлари асосида тагликларга жойлаштирилиши, ёпиқ сиғимлар ва қуруқ жойларда сақланиши юзасидан доимий равишда мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Каттақўрғон туман бўлими бошлиғи Нурали Намозов.
Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси
ахборот хизмати