Сўнгги йилларда пахта хомашёси етиштиришнинг кластер тизимига ўтилганлиги, қисқа вақт ичида пахтачиликда кескин ўзгаришлар қилишга замин яратди.
Хусусан, Сирдарё вилоятида 2021 йил ҳосилидан 5 та пахта-тўқимачилик кластерларига қарашли уруғлик пахта қабул қилиш корхоналари ва 4 та элита уруғчилик хўжаликлари томонидан жами 4 минг 957 тонна уруғлик пахта хомашёси жамғарилди. Ушбу уруғликларнинг 4 минг 485 тоннаси асосий, 472 тоннаси захира фондига қабул қилинди.
Уруғлик пахтани қабул қилиш жараёнларида давлат стандарти талабларидаги намлик ва ифлослик меъёрларига амал қилиниши Инспекция томонидан назорат қилиб борилди.
Бугунги кунда жамғарилган уруғликларни ғўза навлари бўйича таҳлил қилинганда Сирдарё вилояти учун давлат реестрига киритилган “С-6524” нави 1 минг 12 тонна, “Султон” нави 3 минг 268 тонна, Ан-Боёвут-2 нави 199 тонна, “Бухоро-102” нави 478,5 тоннани ташкил қилади.
Қабул қилинган уруғлик пахта хом ашёсининг 4 минг 732 тоннаси ёки 95 фоизи пахта-тўқимачилик кластер корхоналарида ва 225,5 тоннаси ёки 5 фоизи эса элита уруғчилик хўжаликларида сақланмоқда.
Бугунги кунда жамғарилган уруғлик пахта ғарамларининг сифатли сақланишини назорат қилиш жараёнларида Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қошидаги Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан уруғлик тўдаларининг сифат кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш мақсадида пахта тўқимачилик кластерлари билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Жумладан, Гулистон туманидаги “Гулистон сайқал ҳамкор” МЧЖ кластерида ғўзанинг эртапишар Султон навидан 1030 тонна авлодли уруғлик пахта хомашёси жамғарилган бўлиб, бугунги кунда барча ғарамларда профилактик тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши Инспекция томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Ўйлаймизки, ушбу тадбирлар ўз вақтида сифатли қилиб бажарилса, фермер хўжаликлари юқори сифатли уруғлик чигит билан таъминланади ва пировард натижада вилоят деҳқонлари томонидан келгуси йилда ҳам мўл ҳосил етиштирилишига мустаҳкам замин яратилади.
Неъмат Исмоилов, “Ўзагроинспекция” Уруғлик пахта хом-ашёси чигити етиштиришни назjрат қилиш бўлими бошлиғи