Мамлакатимизда картошкани бежизга иккинчи нон дея аташмайди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Ҳар йили Республикамиз аҳолиси истеъмоли учун 130 минг гектар майдонларда 2,9 млн. тоннага яқин картошка етиштириб келинади.
Етиштирилаётган картошка ҳосилининг катта қисми Тошкент, Самарқанд, Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Картошкачиликда уруғчилик, навларни тўғри танлаш ва агротехнологик тадбирларни ўз вақтида ўтказилиши ҳосилдорликка ўз таъсирини кўрсатади. Биргина сифатли уруғлик ва нав тўғри танланганда ҳар бир гектаридан олинаётган ўртача ҳосил 400 центнергача етади.
Ҳукумат томонидан картошкачиликда бу кўрсатгични муҳимлигини инобатга олиб, ҳар йили ўртача 10-12 минг тонна уруғлик четдан келтирилади. Жорий йилда ҳам 10,4 минг тонна 4 млн. долларлик картошка уруғлиги бошқа давлатлардан импорт қилинди.
Ушбу четдан келтирилиб экилган майдонларда уруғлик картошка етиштириш ва уни келгуси йил ҳосили учун жамғариш ишлари “Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқармалари томонидан доимий назоратга олинган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4704-сонли қарори билан “Ўзагроинспекция”га юклатилган вазифалардан келиб чиқиб ҳамда 2020 йил ҳосили учун картошка экиш мавсумида юзага келган уруғлик танқислигининг олдини олиш мақсадида, инспекциянинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йил ҳосили учун маҳаллий ва четдан келтириб экилган уруғлик картошка майдонлари ва улардан кутиладиган ҳосил ҳамда уруғлик жамғариш ҳажмлари ўрганиб чиқилди.
Ўтказилган якуний апробация натижаларига кўра, такрорий экин сифатида картошка экилган жами 34,4 минг гектар майдонлардан 566,4 минг тонна, шундан, уруғлик учун экилган 6,3 минг гектар майдонлардан 53,8 минг тонна, шу жумладан, жорий йилда четдан келтириб, уруғлик учун экилган 4,4 минг гектар майдонлардан 2021 йил ҳосили учун юқори авлодга мансуб 32,8 минг тонна картошка уруғлиги жамғариш кўзда тутилмоқда.
Мисол учун биргина, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ташкил этилган “Бўстонлиқ картошкачилик маркази” МЧЖ томонидан 3278 тонна юқори авлодли ҳосилдор картошка навларининг уруғликлари жамғарилган.
Ушбу уруғликлар куз-қиш мавсумида белгиланган талаблар асосида сақланиб, 2021 йил февраль-март ойларидан бошлаб экиш учун картошка етиштирувчи субъектларга етказиб берилади.
Ҳ. Махмудов, Кўчатлар, мева – сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи