Вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб берувчи хўжаликлар ва дон кластерлари томонидан 2024-йил ғалла қабул қилиш мавсумида 85 000 тонна буғдой дони қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, 77 000 тонна товар дон, шундан жамғарма ҳисобига 26 900 тонна, вақтинча сақлаш учун 50 100 тонна ҳамда 8000 тонна уруғлик буғдой донини ташкил қилади.
Етиштирилган ҳосил вилоятдаги дон қабул қилувчи 4 та дон корхоналари, жумладан “Хоразмдонмаҳсулотлари”, “Хонқадонмаҳсулотлари”, “Шовот дон” ва “Боғот дон” АЖлар ҳамда уларга қарашли 4 та “Чинобод”, “Жайхун”, “Қорақум”, “Амирқум” дон қабул қилиш шаҳобчаларида қабул қилиниши белгиланган.
Бугунги кунда "Ўзагроинспекция"нинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талаблари бўйича 8 та лабораторияларни жиҳозлари ва 12 та автомобиль тарозиларини давлат қиёсловидан ўтказилганлиги, шунингдек дон сақлашга мўлжалланган 77,2 минг тонналик омборларни, 48 минг тонналик элеватор силосларини ва 36,8 минг тонналик сиғимга эга айвонларни капитал таъмирланганлигини ҳамда омборларда донларни шамоллатиш учун махсус шамоллатиш тизимлари ўрнатилганлиги, корхоналарда дон сақлаш сиғимларида комплекс дезинсекциялаш ишлари амалга оширилгани, 21 та донни юклаб тушириш ускуналари, 7 та дон тозалаш машиналарини капитал таъмирланганлиги, донни қуритиб олиш учун мўлжалланган 38,8 минг кв/М асфальтланган майдонлар билан таъминланганлиги ва бажарилган ишларнинг сифат даражаси назорат қилиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида соҳавий ходимлар томонидан 251 та назорат тадбирлари ўтказилиб, бунинг натижасида 251 та ҳолатда қонунбузарликлар аниқланди ва бунга нисбатан 251 та таъсир чоралари қўлланилди. Яъни, аниқланган қонунбузарликни келгусида такрорланишини олдини олиш мақсадида бажарилиши мажбурий тусга эга бўлган 247 та ёзма кўрсатмалар киритилди. Жорий йил ғалла мавсумида етиштирилган донларни узлуксиз қабул қилиш, нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш мақсадида дон қабул қилувчи корхоналарга моддий-техника базани мавсумгача сифатли тайёрлаш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг бажарилиши тўлиқ назоратга олинган.
Ҳ.Жуманиязов - "Ўзагроинспекция" Хоразм вилоят бошқармаси