Ру Ўз O`z En

Хоразм: 2 ярим минг гектар майдонда ғўза агротехникасида хато-камчиликларга йўл қўйилган

31 Май 2024 1256

Жорий йилда Хоразм вилоятида 2024-йил пахта ҳосили учун 12 та пахта-тўқимачилик кластерлари ва 1 578 та фермер хўжаликлари томонидан 82 минг 757 гектар майдонда чигит экиш ишлари амалга оширилган.

 Ушбу майдонларда агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

 Хусусан, бугунги кунда чигит экилган майдонларнинг ривожланиш фазалари таҳлил қилинганда, 5-6 чинбарг 60 минг 984 гектар ёки 74 фоизни, шоналаш 21 минг 773 гектар ёки 26 фоиз майдонни ташкил қилмоқда.

Туманларда чигит экилган майдонларнинг қатор ораларига ишлов бериш тадбирларини амалга ошириш мақсадида 1 минг 742 дона культиваторлар жалб қилиниб, бугунгача 259 минг 155 гектарда ёки 3,1 марта культивация ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, вилоятда яганалаш ишлари 82 минг 757 гектар ёки 100 фоиз майдонда, чопиқ қилиш 170 минг 732 гектар ёки 206 фоиз майдонда, ғўзани баргидан озиқлантириш 181 минг 451 гектар ёки 219 фоиз майдонда, чуқур юмшатиш ишлари 157 минг 297 гектар ёки 190 фоиз майдонда ўтказилган.

-Ўтказилган назорат тадбирлари давомида чигит экилган майдонларнинг ҳолати, яганалаш, култивациянинг сифатли ўтказилишига, чопиқ қилиш ишлари ўз муддатида сифатли амалга оширилишига, ҳамда бегона ўтлардан тозалаш ишларига алоҳида эътибор қаратилди- дейди Ўзагроинспекциянинг Хоразм вилоят бошқармаси бош мутахассиси С.Ходжаев. - Хусусан, ўтказилган назорат тадбирлари давомида жами 503 та субъектлар томонидан 2 597 гектар майдонларда хато-камчиликларга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланди.

Шунингдек, ушбу салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, Инспекция томонидан соҳа масъулларига 9 та тақдимнома ва фермер хўжаликларига 1030 та огоҳлантиришлар берилди.

Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан, мавсум давомида ҳудудларда чигит экилган майдонларда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши доимий назоратга олинган.

Text to speech