Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Хоразм вилоятида қишлоқ хўжалик техникаларини рўйхатга олиш, техник кўрикдан ўтказиш ва янги турдаги пластик карталарини расмийлаштириб бериш борасидаги давлат хизматларини кўрсатишда муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, вилоятда 29 минг 865 та қишлоқ хўжалик ва йўл қурилиш техника ҳамда агрегатлари мавжуд бўлиб, 2023 йил январь-июнь ойларида вилоят бўйича 255 та техника янгидан, 840 та қишлоқ хўжалик техникалари қайта рўйхатга олиниб, 1 минг 177 та ўзи юрар техникаларга давлат рақам белгилари берилиши таъминланди.
Шунингдек, жорий йилнинг шу давригача 2 минг 220 та қишлоқ хўжалик техникларига янги типдаги пластик шаклдаги техник паспортлар расмийлаштирилди, 881 та фуқароларнинг тракторчи-машинист гувоҳномаларини янги типдаги пластик шаклга алмаштириб беришга эришилди.
Вилоятдаги 30 мингтага яқин қишлоқ хўжалик техникаларини йиллик мажбурий техник кўрикдан ўтказиш мақсадида "Ўзагроинспекция"нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимларидаги 11 та соҳавий ходимлар томонидан 12 минг 190 та (41 фоиз) техникалар техник кўрикдан ўтказилиб, кўрсатилган давлат хизматлари эвазига 1 миллиард 870 миллион сўмдан ошиқ маблағлар ундирилиши таъминланди. Жумладан, Боғот, Гурлан, Хива ва Шовот туманларида мавжуд қишлоқ хўжалик техникларининг 60 фоиздан ортиқ қисми мажбурий техник кўрикдан ўтказилишига эришилди.
Бундан ташқари, вилоятнинг техника назорати соҳасидаги ходимлар томонидан соҳада қонун устуворлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалик техникаларидан фойдаланиш талабларига риоя қилмаган ҳуқуқбузарларга нисбатан 110 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 19 миллион 530 минг сўмлик жарималар белгиланди ва ушбу маблағлар тўлиқ ундирилишига эришилди.
Бугунги кунда вилоятнинг ушбу соҳага масъул бўлган ходимлари томонидан назорат тадбирлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда ва аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли тартибда таъсир чоралари кўриб борилмоқда.
Қ. Сабиров - "Ўзагроинспекция"нинг Хоразм вилоят бошқармаси