Ру Ўз O`z En

Кластер корхоналарида жамғарилган уруғлик пахта хом ашёсидан етарлича уруғлик захираси шакллантирилди

16 Декабрь 2021 1801

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалик экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 2021 йил 12 октябрдаги 641-сонли қарори билан тасдиқланган низомларнинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш соҳасида муҳим ҳужжат бўлиб, мазкур низомларда белгиланган талабларга амал қилиниши кластер корхоналари томонидан юқори сифатли уруғликлар етиштирилишини кафолатлайди.

Республикамизда 2021 йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш мақсадида 3827 та субъектларнинг 127,2 минг гектар майдонлари танловлардан ўтказилиб, вегетация даври давомида Инспекция ходимлари томонидан мониторинг кузатув ва назорат тадбирлари олиб борилди.

Апробация кўриги натижасида 298 та фермер хўжаликларининг 8 минг 455 гектар майдони тўлиқ, 1788 та фермер хўжаликларининг 10 минг 382 гектар майдони қисман турли хил сабабларга кўра уруғлик учун яроқсиз деб топилди.

Шунингдек, 2022 йил ҳосили учун юқори сифатли, давлат андозалари талабидаги навдорликка эга бўлган уруғлик пахта хомашёси етиштирлишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган 23 та эртапишар, 5 та ўртапишар, 115 тадан ортиқ янги ва истиқболли ғўза навларидан 158,1 минг тонна элита ва кейинги авлодга мансуб уруғлик пахта хом-ашёси жамғарилди.

Ушбу уруғлик пахта хомашёси Республикадаги жами 108 та пахта тўқимачилик кластерларидаги 934 та ғарамларда сифатли сақланиши бўйича назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Дастлабки ҳисоб китобларга кўра жамғарилган 158,1 минг тонна уруғлик пахта хомашёсидан кутиладиган уруғлик чигит миқдори 84 минг тоннани ташкил қилиб, ғўза навлари бўйича етарли миқдордаги уруғлик захираси яратилди.

Бугунги кунда инспекторлар томонидан уруғлик чигит тайёрлашга ихтисослашган 41 та корхоналарнинг мавсумга тайёргарлиги ва зарурий воситалар захирасининг яратилиши бўйича назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Неъмат Исмаилов -Инспекциянинг Уруғлик пахта хом-ашёси чигити етиштиришни назорат қилиш бўлими бошлиғи

Мурод Курбанбаев - Инспекциянинг Қишлоқ хўжалиги уруғлари етиштиришни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи

 

Text to speech