Сир эмаски, қишлоқ хўжалигида суғориш учун мўлжалланган сувнинг етишмаслиги доимий учраб турадиган муаммолардан бири. Бу эса сув истеъмолчиларидан сувдан оқилона ва самарали фойдаланишда қонунчилик талабларига риоя этишлари лозимлигини билдиради. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилояти Конимех туман бўлими томонидан август ойи ва сентябрнинг ўн беш кунлигида олиб борилган назорат тадбирларида туманда сувдан фойдаланишда қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланди.
Жумладан, туманнинг “Шўркўл” ҳудудидаги “Икром Зоҳид” фермер хўжалиги томонидан хўжаликнинг экин ер майдонини суғориш учун сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган, кунлик олинган сувнинг ҳисоб-китобини юритишга имкон берадиган гидропостлар ўрнатилмаган. Мазкур ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишлилиги бўйича тўпланган ҳужжатлар туман судига юборилди.
Шунингдек, туман сув истеъмолчилари уюшмасининг “Шўртепа” ариғида мироб лавозимида ишловчи А.А сув истеъмоли режаларини тузмасдан тумандаги сув истеъмолчиларига сув берганлиги ҳамда сувни ростлайдиган (дарвоза)ни ўзбошимчалик билан очиб ёпиши натижасида суғориш графиклари бузилишига сабабчи бўлганлиги аниқланди.
Шу каби, туман ирригация бўлими муҳандис-гидротехник Н.Н эса ўзига юклатилган вазифаларга юзаки ёндашиб, ўзига бириктирилган туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Чордара-2” сув олиш жойидан сув беришда ҳар ўн кунда ўлов ишларини ўтказиши лозим бўлса-да, амалда буни бажармаган. Юқоридаги аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишлилиги бўйича тўпланган хужжатлар туман судига юборилди.
Бундан ташқари, “Шўркўл” ҳудудида жойлашган “Қоракўл-Учтепа-сур” масъулияти чекланган жамияти раҳбари С. С томонидан 0,50 гектар пахта майдони суғоришда сув кўллатиб юборилган. Шунингдек, “Ҳамид бобо” фермер хўжалиги раиси Г. Н. томонидан 5 литр секунд сувни зовурга ташлаб қўйиши оқибатида сув исрофгарчилигига йўл қўйилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳам маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқишлик учун тўпланган ҳужжатлар туман судига юборилиши таъминланди.
- Ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган тартиббузилиши ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилди, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Конимех туман бўлими катта инспектори Улуғбек Тоштемиров. - Аниқланган камчиликлар юзасидан Инспекциянинг туман бўлими томонидан ваколат доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 3 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун суд ва прокуратура органларига юборилди. Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан 2 та ёзма кўрсатма ва 1 та тақдимнома киритилди. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 13 нафар сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.
Бугунги кунда Инспекциянинг туман бўлими томонидан ҳудудларда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши бўйича назорат тадбирлари давом этмоқда.
Улуғбек Тоштемиров, “Ўзагроинспекция”нинг Конимех туман бўлими катта инспектори