Бугунги кунда коррупция иллатига дунёнинг турли нуқталарида ҳам дуч келиш мумкин. Шу боисдан коррупция сўнгги йилларда жаҳон миқёсида трансмиллий жиноят сифатида халқаро ташкилотлар томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди. Ҳатто, айрим сиёсатчилар томонидан коррупцияга глобал инқирозни келтириб чиқарувчи омил сифатида ҳам таъриф берилмоқда.
Коррупция келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг, сабаб мазкур иллат турли тузилмаларига, жумладан, солиқ тизимига, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Юртимизда ҳам коррупцияга қарши кураш бўйича кескин чора-тадбирлар амалга ошириб борилмоқда, жумладан бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари қабул қилинган. Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти йўлга қўйилди. Миллий қонунчилигимизда коррупциянинг турли йўналишларига қарши курашга йўналтирилган нормалар мустаҳкамланган. Жумладан, пора олиш ёки бериш, унга воситачилик қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Наманган вилоят бошқармасида “Коррупцияга йўл қўймаслик – муҳим масала” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма бошлиғи Н.Каримов давлат хизматчиси аҳамият бериши лозим бўлган одоб қоидаларига тўхталиб, коррупциянинг келиб чиқиши, унинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий зарарлари, коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва уларнинг мазмун-моҳияти, асосий принциплари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Инспекция тизимида меҳнат қилаётган ҳар бир ходимнинг ўз ишига сидқидилдан ёндошиши, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, ҳар бир ишда шаффофликка амал қилиш каби муҳим масалалар бўйича ўз тавсияларини берди.
Шунингдек, таркибий тармоқ ва туман бўлимлари раҳбарларига қатъий талаб қўйилиб, ушбу талабларга кўра, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши, коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши, ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шартлиги, ҳаттоки, давлат хизматчилари хизматдан ташқари вақтда ҳам умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги лозимлиги таъкидланди.
“Ўзагроинспекция” Наманган вилоят бошқармаси матбуот хизмати