Самарқанд вилоятининг 75 минг 356 гектар ер майдонида ғўзадан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилишига боғлиқ.
Қуёшли кунларнинг юқори ҳароратидан унумли фойдаланган ҳолда ғўза қатор ораларига ишлов беришнинг аҳамияти катта. Айни кунларда мавжуд 1 минг 612 та культиваторлар билан бир кунда ўртача 8 минг гектарга яқин ғўза майдони культивация қилинмоқда. Мавсум бошидан ғўза қатор ораларига 4,8 марта, мавжуд 417 та чуқур юмшатгичлар билан бир кунда 3 минг 646 гектар, мавсум бошидан бери 2,2 марта ғўза қатор ораларига ишлов берилди.
Культиваторларнинг ҳосил элементларига зарар етказмаслигини таъминлаш мақсадида ишчи органларини “балиқ сирти” қилиб ўраш юзасидан Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.
-Культиваторлар ишчи органларини “балиқ сирти” қилиб ўраш 15-20 фоизгача ғўза ҳосилини механик таъсир натижасида тўкилишдан ҳимоя қилади. Ривожланишнинг шоналаш, гуллаш фазасидаги ниҳолларга ишлов беришда бу усул жуда қўл келади. Хусусан, Пайариқ туманида мавжуд 218 та культиваторлар билан бир кунда 1 минг гектардан зиёд ер майдонидаги ғўзага ишлов берилмоқда, ҳар бир техника воситасининг иш унумдорлиги ўртача 5-6 гектарни ташкил этади. Культиваторлар ишчи органлари “балиқ сирти” қилиб ўралиб, чопиқ тракторининг олд ва орқа ғилдираклари олдига махсус йўналтиргичлар (обтекателлар) ўрнатилди.
Инспекциянинг туманлар бўлимлари инспекторлари томонидан культиваторларнинг соз ҳолатдаги ишчи органлар билан тўлиқ жиҳозланиши ҳамда ғўза қатор ораларига ишлов бериш сифати доимий назоратга олинган, - дейди инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Нурмамат Турсунов.
Шунингдек, ғўза парваришида агротехник тадбирларни ўтказиш муддатларини кечиктирган, чопиқ агрегатларини талаб даражасида жиҳозламаган қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари Ўзбекистон республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига асосан, ҳуқуқий таъсир чораси кўрилиши юзасидан огоҳлантирилмоқда.
Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати