Дўстлик тумани аграр соҳа бўйича Жиззах вилоятининг энг илғор ҳудудларидан бири саналади. Ҳар йили ғалла ва пахтадан мўл ҳосил кўтариб, пешқадамлар сафида юрадиган туман деҳқонлари 2022 йили ҳосили учун жами 13 минг 700 гектар ерга бошоқли дон етиштиришни мақсад қилганлар. Шундан 400 гектари очиқ майдонга, қолган 13 минг 300 гектари ғўза қатор ораларига экилади. Белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ, ерга уруғ экиш ишлари билан бир қаторда ғалла майдонларини пешма-пеш суғориш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Суғориш ишларини олиб бориш бўйича жойларда 35 та ишчи отрядлари шакллантирилган бўлиб, амалга оширилаётган экиш ва суғориш тадбирлари “Ўзагроинспекция” нинг туман бўлими томонидан назорат қилиб борилмоқда.
-Кузги ғаллани суғориш бўйича жами 424 та назорат тадбирлари ўтказилди,- дейди Инспекциянинг Дўстлик туман инспектори Рустам Анарқулов. - Президентнинг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-5005-сонли қарорига асосан сувдан оқилона ва тежамли фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибларига қатъий риоя этилиши юзасидан 376 та огоҳлантиришлар берилиб, ўтказилган ўрганишлар давомида 47 та камчиликлар аниқланиб, инспекция ваколати доирасида таъсирчан чоралар қўлланилди.
Шунингдек, мазкур камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида масъулларга ёзма кўрсатмалар берилди.
Хулоса ўрнида, кузги буғдойдан юқори ҳосил етиштириш ва уруғ ниҳолларини тўлиқ ундириб олиш учун тупроқда намликнинг меъёрида бўлиши талаб этилади. Чунки, намлик етарли бўлган майдонда уруғ бир текис униб чиқади ва униб чиққан кўчатлар совуқ тушгунга қадар 3-4 тадан поя ҳосил қилиб, майсалар тўла тўпланган ҳолда қишда яхши қишлайди.
Ушбу муҳим тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши эса Инспекция томонидан қатъий назорат қилиб борилмоқда
“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати