Маълумки, бугунги кунда бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилади.
Марказ бевосита ҳайвон касалликлари ташхиси ва озиқ овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ҳамда деҳқон бозорларида ташкил этилган ветеринария-санитария экспертиза (ВСЭ) лабораториялари орқали бозорларда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ветеринария-санитария қоидаларида белгиланган нормаларга мувофиқлигини текшириши ва ижобий хулосага эга бўлган товарлар сотилишига рухсат бериши керак.
“Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган мониторингда вилоят Ҳайвон касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази ҳамда унинг Миришкор, Касби, Чироқчи, Қамаши, Яккабоғ, Китоб, Деҳқонобод, Косон, Ғузор туманлари марказлари синов лабораторияларида ўлчов воситаларини қиёсланмаганлиги, синов ва ўлчов воситалари яроқсиз ҳолатда эканлиги, синов жиҳозларини аттестация қилинмаганлиги, лабораториялар меъёрий ҳужжатлар билан тўлиқ таъминланмаганлиги, актуализация қилинмаганлиги ҳолатлари аниқланди.
Марказ синов лабораторияларнинг аксариятида термостат ва қуритиш шкафларида ҳароратни назорат қилиш учун мўлжалланган термометрлар йўқлиги ва қиёсланмаганлиги сабабли синов жиҳозларининг тўғри ва аниқ ишлашини назорат қилиб бўлмайди.
Носоз, қиёсланмаган ва меъёрий ҳужжат талабларига жавоб бермайдиган ўлчаш воситалари ва синаш жиҳозларидан синов ишларида фойдаланиб келинганлиги, касалликларни аниқлашда ва озиқ-овқат маҳсулотларини сифати бўйича хулосалар тақдим этилган.
Юқоридаги қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган туман марказларининг директорлари ва лаборатория мудирларига нисбатан МЖтКнинг тегишли моддалари билан маъмурий ишлар қўзғатилиб юқоридаги камчиликларга йўл қўймаслик юзасидан тақдимнома киритилди.
Н. Салимов, “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси бош инспектори