Ру Ўз O`z En

Малакали тракторчи-машинистлар тайёрлаш доимий назоратга олинади

16 Февраль 2022 2556

Белгиланган тартибга кўра, "Ўзагроинспекция" томонидан тракторчи-машинист мутахассисларини тайёрловчи ўқув муассасалари фаолияти юзасидан назорат ўрнатилган. Айни кунларда мавжуд ўқув масканларининг моддий-техник базаси, таълим сифати ва самарадорлиги мунтазам ўрганиб борилмоқда. 

Куни кеча, Чуст туманидаги 2-касб-ҳунар мактабида ташкил этилган ўқув семинарида “Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимларининг инспекторлари билан бирга касб-ҳунар мактабларининг шу йўналишдаги ўқитувчилари иштирок этдилар. Тадбирда инспекциянинг ўқув юртлари билан узвий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, тракторчи-машинист йўналишида таълим олаётган ўқувчилар ҳақидаги барча маълумотларни “tm.uzagroteh.uz” ягона платформасига киритиш, аввал ўқишни тамомлаб, гувоҳнома олмаганлар билан ишлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда тракторчи-машинист йўналишида мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, 2020-2021 йил ўқув дастурида бу йўналишда ўқувчиларни тайёрлаш учун 962 соат ажратилган бўлса, янги ўқув йилида ушбу йўналишдаги ўқув дастурлари 1044 соатни ташкил этади. Бунда асосий эътибор замонавий техникаларни бошқаришни ўргатиш, йўл ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини чуқурлаштирилган ҳолда  ўқитиш, олинган назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлашга қаратилгани аҳамиятлидир. 

Семинар давомида тракторчи-машинист гувоҳномалари бериш жараёнида инсон омилини камайтириш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилган “tm.uzagroteh.uz” платформасига маълумотларни киритиш, ундан фойдаланиш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди. 

"Ўзагроинспекция" Наманган вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

Text to speech