Ру Ўз O`z En

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор чиқариш тартиби билан танишмисиз?

12 Январь 2021 3042

"Ўзагроинспекция" фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга асосан Инспекция Ўзбекистон Республикасининг агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш вазифаларини амалга оширади.

"Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 245,7-прим моддасида Агроинспекцияга тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ҳамда Инспекция номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазоларни қўллашга Инспекция бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, Инспекция ҳудудий бошқармаларининг ҳамда Инспекция туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимларининг бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарлари ҳақлилиги белгилаб берилган.

Шунингдек, МЖтКнинг 309-моддасида Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича қарорлар қайси талабларига мувофиқ тузилиши белгиланган.

Қарорнинг кириш қисмида маъмурий ишни кўрадиган Инспекция органининг номи, иш кўриладиган сана, мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, иш кўрилаётган шахс ҳақидаги маълумотлар батафсил кўрсатилади.

Қарорнинг тавсиф қисмида қандай ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақти, жойи, етказилган зарар миқдори, жавобгарликка тортилаётган шахснинг айбдорлиги ёки айбсизлиги ҳақидаги далиллар, маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган меъёрий ҳужжатлар кўрсатилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқариладиган қарорнинг қарор қисмида маъмурий жазо тури кўрсатилиши шарт.

Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо тайинлаш ҳақидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда айбдор томонидан мулкий зарарни қоплаш ҳақидаги масала ҳам ҳал қилинаётган бўлса, у ҳолда қарорда ундирилиши лозим бўлган зарар миқдори, уни қоплаш муддати ва тартиби белгиланади.

Қарорда олиб қўйилган ашёлар ва ҳужжатлар, шунингдек ушлаб турилган транспорт воситалари тўғрисидаги масала ҳам ҳал этилган бўлиши лозим.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида мансабдор шахс МЖтКнинг 310-моддасида назарда тутилган қарорлардан бирини қабул қилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор МЖтКнинг 311-моддаси талаби асосида дарҳол эълон қилинади. Қарорнинг имзоланган ва муҳрланган шаклидаги нусхаси узоғи билан уч кун ичида маъмурий чора кўрилган шахсга тилхат орқали топширилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш баённомаси ишни кўриб чиққан мансабдор шахс томонидан имзоланади. Қайд қилинган қонун талабининг бузилиши, иш юзасидан чиқарилган қарорларни бекор қилиш учун асос бўлади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи мансабдор шахс МЖтКнинг 313-моддаси талаби асосида ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни аниқлаганда, бу сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига ёки ҳуқуқбузарнинг турар жойига чора ва жамоат таъсирини кўрсатиш учун тақдимнома киритади.

 

"Ўзагроинспекция" Маъмурий амалиёт бўлими

Text to speech