Баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникалари, чопиқ тракторлари, культиваторлар, чизеллар, ОВХ пуркагичлар, комбайнлар, чигит экиш сеялкалари ва бошқаларнинг техник соз ҳолатга келтириб қўйилиши мақсадга мувофиқ. Шуни ҳисобга олган ҳолда, вилоятда бу борада таъмирлаш масканларида қизғин иш олиб борилмоқда. Кармана, Хатирчи, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларида бўлиб ўтган кўргазмали ўқув семинарлари айни шу йўналишдаги тайёргарлик ва мавсумга шай техникаларни қабул қилиб олишда аҳамият қаратиш лозим бўлган жиҳатларга бағишланди.
Жумладан, “Кармана агросервис МТП” МЧЖда ўтказилган семинарда туман ҳокимлиги, вилоят ҳамда туман ИИБ масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ва Кармана туман бўлими инспекторлари, фермерлар, шунингдек, соҳага оид бошқа корхона ва ташкилот вакиллари иштирок этди. Кўргазмали семинарда шай ҳолатга келтирилган чопиқ тракторлари, культиваторлар, чигит экиш сеялкалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларининг мутахассислар томонидан қай даражада сифатли таъмирдан чиқарилганлиги кўздан кечирилди. Бунда эски эҳтиёт қисмларининг янгисига алмаштирилганлиги, носоз ҳолатга келган деталлардаги камчиликлар бартараф этилгани, техникаларнинг юз қисмида бўёқлаш ишларининг амалга оширилгани кабиларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, ўқув семинари давомида қишлоқ хўжалиги техникаларининг сифатли таъмири қандай бўлиши ва уни қабул қилиб олишда синчковлик билан эътибор қаратиладиган жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтилди.
-Таъмирдан чиқарилган чигит экиш сеялкаларида чигит солинадиган банкаларда тешикларнинг бўлмаслиги, чигит тўзитгич ва узатма тишларининг бутунлиги, чигит сарфи меъёрини ростлайдиган дарчаларининг енгил ҳаракатланиши, уруғ ўтказгичларнинг бутун бўлиши таъмирни сифатли олиб борилганини кўрсатади,- дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими катта инспектори Беҳзод Бозоров - Сифатли таъмирланган тракторлар эса деталь ва узелларнинг созлик даражасига кўра қабул қилиб олинади.
Мутахассислар таъкидлашича, тишли бороналарда ҳам тишлар маҳкамланадиган планкалар ва борона секцияларини бир-бири билан улайдиган илгакларни эгилиши ва буралиши, тишларни ўтмасланиши, ейилиши ва эгилиши каби нуқсонлар учрайди. Таъмирланган тишлар бир хил узунликда бўлиши ҳамда ўткир учининг қалинлиги 2 мм. дан ошмаслиги лозим. Янги тишнинг узунлиги 16 сантиметр бўлади. Борона планкалари ва тишларининг эгиклиги 3 мм. дан ошмаслиги зарур. - Шунингдек Тишлар планкаларга қирраси ва ўткир томони билан ҳаракат йўналишига қараб турадиган қилиб ўрнатилиши даркор.
Шунга кўра, вилоятда ҳар бир қишлоқ хўжалиги техникаси таъмир шартлари тўлиқ бажарганлиги бўйича қабул қилиб олинмоқда. Зарур ҳолларда, таъмирга оид керакли тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Кармана туманида баҳорги юмушларга 800 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникалари жалб этилиши кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар ҳудудда ғалла ўриш комбайнларидан ташқари барча техникалар мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
Айни кунларда жойлардаги таъмирлаш масканларида комбайнларни созлаш тадбирлари давом этмоқда.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати.