Қишлоқ хўжалиги соҳасида йилдан йилга сув танқислиги кузатилмоқда. Айниқса, оби-ҳаётнинг экин майдонига қадар етиб боришида сувнинг сарфи, унинг оқиш тезлиги жуда муҳим. Сувнинг ҳисобини юритишда эса оқим тезлигини ўлчовчи ускуналарнинг роли катта. Бу ускуна ёрдамида сувнинг оқиш тезлигини 1-3 фоизгача рухсат этилган хатоликда аниқлаш мумкин. Фақат ўлчов воситалари соз ҳолатда ишлатилиши ва ҳар 12 ойда метрологик текширувдан ўтказиб турилиши лозим. Шунингдек, назорат-ўлчаш ишлари амалга ошириладиган гидропостлар ҳам махсус малакага эга ходимлар томонидан аттестациядан ўтказилиши керак.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилояти бошқармаси Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими томонидан Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги ирригация тизими бошқармаларида айнан шу масала бўйича ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишларга кўра, бугунги кунда ирригация тизими бошқармаларида жами 204 та гидропостлар ҳамда 16 та сув оқими тезлигини ўлчовчи ускуналар мавжуд. Шундан 2 та ҳолатда сув оқими тезлигини ўлчовчи ускуналар белгиланган муддатда метрологик текширувдан ўтказилмасдан фойдаланиб келинаётгани маълум бўлди.
Якунда аниқланган камчиликлар юзасидан Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги ирригация тизими бошқармаларига 1 та тақдимнома ва 2 та ёзма кўрсатма берилди. Шунингдек, Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Зомин ва Туятортар ирригация тизими бошқармаларининг масъул шахсларига нисбатан умумий қиймати 300 минг сўмлик маъмурий чоралар қўлланилди.
Умуман олганда, жорий йилнинг январь-июль ойлари давомида меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими томонидан жами 22 та назорат тадбирлари ўтказилиб, шундан 5 таси текшириш ҳамда 17 таси мониторинг тарзида амалга оширилган. Тадбирлар давомида аниқланган 21 та қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 13 та мутассади ташкилотга ёзма кўрсатмалар берилди. Бундан ташқари, 6 нафар масъул шахсга нисбатан МЖТКнинг тегишли моддалари бўйича маъмурий жазо чоралари қўлланилган.
Д.Зиятов, “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими бош инспектори