Маълумки, ўлчовлар ҳақида таълимот шаклланиб, метрология деб ном олди ва бу борада тегишли меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Ҳозирги кунда ҳар бир мутахассис ўз фаолияти соҳасидаги параметрларни ва уларни ўлчаш усулларини, ўлчаш воситаларини, уларнинг техникавий тавсифларини албатта билиши зарур. Энг муҳими аккредитацияланган, аттестацияланган синов лабораторияларида фойдаланиладиган синаш ҳамда ўлчаш воситалари, жиҳозларни ваколатли орган томонидан қиёслаш, аттестациядан ўтказиш, синов реактиви ва перепаратларнинг техник регламенти ҳамда меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш асосий вазифалардан биридир.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими ҳамда туман бўлимлари томонидан соҳага оид юзага келаётган муаммоларнинг олдини олиш, деҳқон-у миришкорларимизни ўйлантираётган масалаларга ечим излаш, уларга елкадош бўлиш, шу орқали сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ички ва ташқи бозорларни тўлдириш каби масалаларни ҳал этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Инспекциянинг асосий вазифаларига меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрологияни назорат қилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи, сақловчи ҳамда реализация қилувчи корхоналар фаолиятида техник регламентлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш киради. Шу асосида бўлим томонидан соҳада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи, сақловчи ҳамда реализация қилувчи корхоналар фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, вилоятдаги мавжуд дон қабул килиш ва уни қайта ишлаш орқали маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖ ва унинг туманлардаги шахобчалари ҳамда уруғлик цехларидаги 125 та, "Қизилтепа ун заводи" АЖ ва унинг шахобчаларидаги 46 та, пахта қабул қилиш ва уни қайта ишлаш орқали маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи “Навбаҳор текстиль” ва “Бахт текстиль” МЧЖ пахта кластерларининг пахта тозалаш корхоналари ҳамда пахта қабул қилиш масканларидаги 168 та ўлчов воситаларининг талабга жавоб бериши ўрганилди. Шунингдек, ҳайвон касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари, биолабораториялар, ирригация ва мелиорация тизимлари, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари, сув омборлари, насос станциялари ҳамда бошқа сув хўжалиги ва гидротехника иншоотларидаги мавжуд ўлчов воситаларининг сифати бўйича назорат тадбирлари ўтказилди.
Бундан ташқари, ёғ-мой корхоналари - “Ванғози Агро Экспорт”, "Кармана мой инвест" ва "Форевер сервис" МЧЖлардаги 301та ўлчов воситалари ва амалдаги меъёрий ҳужжатлар (стандартлар), корхонада фаолият юритаёган (аккредитациядан ўтган) синов лабораториялари, улардаги синов жиҳозларининг белгиланган тартибда давлат қиёсловидан ўтказилиш тўлиқ назоратга олиниб, электрон базаси яратилди.
– Ўтказилган назорат тадбирлари давомида ўлчов воситаларини ўз муддатида метрология текширувидан ўтказилмаганлик учун жами 9 нафар мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 213-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, улардан 2 миллион 7 минг сўм жарима ундирилди. Шунингдек, қонуний қарор қабул қилиш учун 5 та маъмурий материаллар судларга юборилган. Хусусан, 90 нафар мансабдор шахсларга ёзма равишда огоҳлантиришлар берилди- дейди Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими катта инспектори Зафар Каримов.
Шунингдек, 2020 йил пахта ҳосилини қабул қилишда пахта қабул қилиш масканлари томонидан фермер хўжаликларидан қабул қилиб олинаётган пахта хом-ашёсининг сифати, нави ва намлиги бўйича лаборатория текширувлари тўғри ўтказилиши юзасидан “Бахт текстиль” ҳамда “Навбаҳор текстиль” МЧЖ пахта қабул қилиш масканлари лаборатория мудирларига ва товаршуносларига ёзма кўрсатмалар берилди.
Айтиш керакки, Инспекция фаолияти давомида олиб борилаётган чора тадбирлар ўз навбатида фермер хўжаликлари томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уларни қабул қилувчи корхоналарда синовларнинг ҳаққонийлиги ва шаффофлигини таъминлаши билан биргаликда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати