Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарори билан қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш “Ўзагроинспекция”га юклатилган.
Мазкур функцияларни бажаришда Инспекциянинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, тайёрловчи ҳамда қайта ишловчи корхоналарда фойдаланиб келинаётган техник регламентлар, меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, синов лабораторияларда ишлатиладиган синаш ҳамда ўлчаш воситаларини ваколатли орган томонидан қиёслаш, аттестациядан ўтказиш борасида тизимли назорат ўрнатилиб, зарур ҳолларда амалий ёрдам берилмоқда.
Хусусан, “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУКнинг Бухоро филиали таркибидаги ҳудудий лабораторияларидаги жами 136 дона ўлчов ва синов ускуналари ўз вақтида давлат қиёслови ҳамда аттестациясидан ўтказилиши ва 39 та меъёрий ҳужжатлар белгиланган муддатларда актуаллаштирилиши назоратга олинди.
Шунингдек, назорат тадбирлари давомида вилоятда фаолият олиб бораётган донни қабул қилиш ва уни қайта ишлаш “Бухородонмаҳсулотлари” АЖ, “Когондонмаҳсулотлари” АЖ, “Қоракўлдонмаҳсулотлари” АЖ, “Яккатут” савдо ва ишлаб чиқариш корхонаси, “Когон генч” МЧЖ, “Очилов Файз бизнес” МЧЖ ва “Пешкў генч” хусусий корхонаси лабораторияларидаги 867 дона ўлчов ва синов ускуналари ўз вақтида давлат қиёлаш кўриги ва аттестациясидан ўтказилиб, амалда қўлланиладиган меъёрий ҳужжатлар актуаллаштирилишига эришилди.
Шу билан бир қаторда, Қоракўл туманида “Merganteks” МЧЖ ва “Qorakul Kumush Kalava” МЧЖ, Олот туманида “Parvoz Xumo Ravnaq trans” МЧЖ, Когон туманида “Bahor Chance Textile” МЧЖ, Шофиркон туманида “Buxoro Zarhal Teks” МЧЖ, “BCT Cluster Agrokompleks” МЧЖ замонавий пахта-тўқимачилик кластерлари лабораторияларида мавжуд 1625 дона ўлчов ва синов ускуналарини давлат қиёслов кўригидан ўз вақтида ўтказилишида яқиндан ёрдам кўрсатилди. Олиб борилган назорат тадбирларида, амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим камчиликлар кузатилди.
Яъни, минерал ўғитларни тарқатиш шахобчасидаги фойдаланишда бўлган бир дона автомобиль тарозисининг давлат қиёслаш кўригидан ўтказилмасдан туриб, амалда фойдаланиб келинганлиги сабабли бир нафар шахсга нисбатан Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шунингдек, ҳайвон касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги лабораторияси зарурий ўлчов воситалари ва анжомлар билан тўлиқ таъминланмаганлиги сабабли инспекторлар томонидан ёзма кўрсатма берилди.
Мақсад, қишлоқ хўжалигида маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгилаш, қўллаш ва бажариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Р.Авезов, “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилоят бошқармаси катта инспектори