Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси органларига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Инспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан соҳага оид қонунлар ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, бошқарма ва туман бўлимлари томонидан 1 651 та ўтказилган текшириш ва мониторинглар натижасига кўра, 1902 та ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имкон яратиб берган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 230 та тақдимнома, қонунбузилишига йўл қўймаслик хусусида 3 минг 856 нафар шахсларга расман огоҳлантиришлар берилди.
Бундан ташқари, тегишли ташкилотларга 502 та ёзма 1357 та амалий кўрсатмалар киритилган бўлса, инспекция томонидан 1068 нафар шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилиб, 84 та маъмурий судларга, 18 та прокуратура органларига тааллуқлилиги бўйича материаллар юборилди.
Қўлланилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар натижасига кўра, 223 миллион 766 минг сўм маъмурий жарималар белгиланиб, улардан ундирув муддати келган 139 миллион 964 минг сўм маблағлар ундирилди.
Мисол учун, Инспекциянинг Янгиқўрғон туман бўлимига Наманган шаҳрида фаолият кўрсатувчи “NAM AGRO-FOODS” МЧЖ раҳбари ариза билан мурожаат қилиб, унда 2020 йил март ойида тумандаги 23 та фермер хўжаликларга уруғлик картошкани етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланганлигини, шу асосида уруғлик картошка етказиб берилганлигини, бироқ хўжаликлар томонидан уруғлик картошка пуллари тўлаб берилмаётганлигини маълум қилиб, амалий ёрдам беришни сўраган.
Инспекциянинг Янгиқўрғон туман бўлими томонидан мурожаат ўрганиб чиқилиб, қонуний баҳо бериш мақсадида, Янгиқўрғон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилган.
Яна бир мисол: Наманган туманидаги уруғлик ғалла майдонларининг ҳолати ўрганилганда туман ишчи гуруҳи томонидан уруғлик майдонларида ўтказилган апробация тадбирлари лозим даражада ўтказилмаганлиги аниқланди.
Жумладан, Наманган туманида 2021 йил ҳосили учун, тендер танловидан ўтган уруғлик ғалла етиштириш ҳуқуқини қўлга киритган 41 та фермер хўжаликлари томонидан 830,5 гектар майдонда уруғлик ғалла етиштириб, давлатга 3120 тонна сифатли оригинал, супер элита ва элита авлодли уруғлик дон етказиб бериш режаси белгиланган.
Жорий йилнинг 17 май кунида туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари томонидан туманда апробация кўригини ўтказиш бўйича туман ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланган бўлсада, Низом талабларидан келиб чиқиб, аниқ вазифалар белгилаб берилмаган.
Натижада, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 12 июнда рўйхатдан ўтган “Экинбоп уруғликлар етиштириш мақсадида экилган навли қишлоқ хўжалик экинларини апробация қилиш тартиби тўғрисидаги” Низом талабларига риоя қилиниши юзасидан сифатли ўрганишлар ўтказилмай, бир қатор камчиликларга йўл қўйилган.
Хусусан, Инспекция Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишларда, тумандаги Соҳибкор ММТП ҳудудидаги “Зоҳид” фермер хўжалигининг 11 гектар уруғлик ғалла майдонларини бегона ўт ва бегона нав аралашмасидан тозалаш учун берилган муддатда, бегона ўт ва бошқа навлардан тозаланмаган ҳамда ҳолат юзасидан туман апробация комиссияси томонидан ҳеч қандай сноплар олинмаган, далолатнома расмийлаштирилмаган ва апробация кўриги якунига етказилмасдан яроқли ёки яроқсиз қилиш бўйича ҳеч қандай далолатнома расмийлаштирилмаган.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бизнинг асосий мақсадимиз, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишларда қонунийликка, белгиланган меъёр ва тартибларга қатъий амал қилинишини назорат қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ҳуқуқий кўмак кўрсатишдан иборатдир.
Музаффар Набиев, “Ўзагроинспекция” Наманган вилоят бошқармасининг Ташкилий-назорат ва таҳлил бўлими бош инспектори