Ру Ўз O`z En

Мобил арбитраж гуруҳларига 244 та низоли ҳолат бўйича мурожаатлар келиб тушган

16 Октябрь 2023 2538

"Ўзагроинспекция" томонидан 2023 йилда етиштирилган пахта ҳосилини сифатли қабул қилиниши, топширувчи ҳамда қабул қилувчилар ўртасида юзага келадиган низоли ҳолатларни тезкорлик билан адолатли ҳал этиш юзасидаги ишлар давом этиб келмоқда

Маълумот учун, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” вакиллари билан биргаликда тайёрлов масканларида пахта хом-ашёсини қабул қилишда низоли ҳолатларни адолатли ҳал этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳар бирида 3 тадан жами 39 та Мобил арбитраж гуруҳлари ташкил этилган.

Жорий йилнинг 16 октябрь ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги жами 384 та пахта тайёрлов масканларида қабул қилинаётган пахта хом-ашёсининг намлиги ва ифлослигини аниқлаш юзасидан Инспекциянинг ҳудудий бошқармаларида ташкил этилган 39 та Мобил арбитраж гуруҳларига 244 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, 65 та ҳолатда пахтанинг синфи бўйича 179 та ҳолатда пахта хом-ашёсининг ифлослиги ва намлиги бўйича низоларнинг 182 таси фермер хўжаликлари фойдасига, 62 таси тайёрлов корхонаси фойдасига ҳал этилган.

Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларига асосан Мобил арбитраж гуруҳлари томонидан низоли ҳолатларни ҳал этиш натижалари бўйича далолатномалар расмийлаштириб борилмоқда.

Бу йилги пахта ҳосилини сифатли қабул қилиниши «Ўзагроинспекция» томонидан мунтазам назорат этилиши натижасида, республикада тайёрланган пахта хом-ашёси юқори навларга қабул қилинмоқда.

«Ўзагроинспекция» ва унинг ҳудудлардаги бошқарма ҳамда бўлимлар мутасаддилари томонидан фермер хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерлари ва ташкил этилган кооперацияларга етиштирилган пахта хом-ашёсини юқори навларга топшириш орқали қўшимча даромад манбасини яратиш ҳамда пахта хом-ашёсини сифатли қабул қилиб ва уни қайта ишлаш орқали рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлиги юзасидан тушунтиришлар ва керакли тавсиялар бериб борилмоқда

Text to speech