Ру Ўз O`z En

Наманган: ғўза навдорлигини аниқлаш юзасидан дала апробацияси тадбирлари ўтказилмоқда

7 Август 2024 979

Жорий йилда Наманган вилоятида жами 61 минг гектардан зиёд  майдонда ғўза парваришланаётган бўлиб, ўтказилган тендер танловларида ғолиб чиққан 224 нафар фермер хўжалигининг 5 минг 884 гектар майдонида уруғлик пахта етиштирилмоқда.

Мазкур уруғлик ер майдонларидан иқлим шароитига мос, серҳосил “Андижон-35”, “С-6524”, “С-8295”, “Наманган-34”, “Наманган-77”, “Бухоро-102”,   ҳамда Хитойдан олиб келинган “Xin Lu Zao-78” ғўза навларининг юқори авлодли уруғликларини олиш режалаштирилган.

Ҳудудларда маҳаллий шароитларда яхши ҳосил бераётган навларни таҳлил қилиш, суппер элита ва элита уруғларини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, янги навларни яратиш, бу борада олимлар билан илмий ҳамкорликни янада кучайтириш борасида вилоятда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Юқоридаги масалалар юзасидан вилоятда ташкил этилган минтақавий семинарда дала шароитида ғўза навдорлигини аниқлаш бўйича апробация ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, ғўза навларини тўғри жойлаштириш ва сифатли уруғлик жамғармасини яратишда ғўза апробациясининг мақсад ва вазифалари, навга хос бўлмаган ғўза тупларидан тозалаш, ҳосилини териб олиш тартиби ва яроқсиз деб топилган майдонлардан уруғлик пахта теришга йўл қўймаслик тўғрисида сўз юритилди.

Тадбирда инспекция мутахассислари томонидан Ҳукуматнинг 641-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида уруғлик пахта майдонларида биринчи ҳосилни териб бўлмагунга қадар дефолиация ишларини ўтказмаслик белгилангани таъкидланди.

Айни кунларда вилоятдаги уруғчилик хўжаликларида вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат муассасаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вилоят бошқармаси, ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда “Ўзагроинспекция” ва унинг қошидаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасаси вилоят филиали мутахассислари иштирокида махсус гуруҳ тузилиб, апробация ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш билан бирга зарур тавсиялар берилмоқда.

Н. Исомитдинов, “Ўзагроинспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси шўъба бошлиғи

 

Text to speech