Мутахассисларнинг фикрича, бу йил далаларга экилган ғалла ҳар доимгидан эрта пишиб етилиши тахмин қилинмоқда. Демак, ўрим-йиғим мавсумига ҳам пухта тайёргарликни жадаллаштириш лозим.
Жорий йилда Наманган вилоятида 67 минг 750 гектар майдонда бошоқли дон етиштирилмоқда. Мавсумда мулкчилик шаклидан қатъий назар, 246 дан ортиқ комбайн ўримда иштирок этиши режалаштирилган. Уларнинг 162 таси “Клаас Даминатор” русумли, 30 таси эса “Вектор-410” русумли, 54 таси “Кейс” ва “Нью-холланд” русумли дон ўриш комбайнларидир. 58 таси “Агросервис МТП” МЧЖга, 62 таси кластер корхоналарига, 130 дан ортиғи фермер хўжаликлари ва бошқа субъектларга тегишли бўлиб, бугунга қадар ушбу комбайнлар тўлиқ техник кўрикдан ўтказилди.
Жумладан, “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан мавсумда қатнашадиган дон ўриш комбайнларини сифатли таъмирланиши, созланиши, синалиши юзасидан мунтазам назорат тадбирлари олиб борилди.
Мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят, туман ҳокимликларига ва масъул ташкилот раҳбарларига кўрсатмалар киритилди ҳамда бажарилиши назоратга олинди. Олиб борилган ишлар натижасида мавсумда қатнашадиган дон ўриш комбайнларини аксарияти таъмирдан чиқарилди.
Жорий йилнинг 20-21 апрель кунлари вилоят ишчи гуруҳи томонидан дон ўриш комбайнларини мавсумга тайёргарлиги ўрганилди. Ушбу жараёнда барча туманлардаги комбайнлар 10 км масофада юргизилиб, синов кўригидан ўтказилди.
Ишчи гуруҳ томонидан мавсумга тайёр, йўл ҳаракати ва техника хавфсизлиги ҳамда ёнғинга қарши анжомлар билан таъминланган, синовдан ўтказилган дон ўриш комбайнларини махсус комиссиялар далолатномалари асосида қабул қилиш ишлари олиб борилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилоят бошқармаси Ахборот хизмати