Ру Ўз O`z En

Наманганда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниши юзасидан ўтказилган ўрганишларда жами 39 та ҳолатда камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди

17 Март 2021 2826

Дунё бўйлаб сув тақчиллиги кузатилаётган бир вақтда мамлакатимизда ҳам сув ресурсларига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. 2000 йилгача кам сувли мавсум ҳар 6-8 йилда бир марта кузатилган бўлса, сўнгги йилларда бу жараён ҳар 3-4 йилда такрорланмоқда. Шу боисдан қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш мақсадида ҳукумат томонидан қатор қарорлар қабул қилиниб, ижроси қатъий назоратга олинган.

Бу борадаги ишларни Наманган вилояти мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2021 йилда жами 20251 гектар қишлоқ хўжалиги экинларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган.

Шундан, 20 минг гектарда (16 минг гектар пахта, 4 минг гектар мевали боғ, ток ва бошқа экинлар) томчилатиб суғориш технологиясини тадбиқ этиш белгиланган бўлса, 228 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш, 23 гектар майдонларда дискрет усулида суғориш режалаштирилган.

 Бугунги кунда сув тежовчи технологияларни жорий этувчи 6 та кластер ва 425 та фермер хўжаликлари билан қурувчи пудрат ташкилотлари ўртасида технологияни қуриш бўйича 19683 гектар майдон учун 431 дона шартномалар (97 фоиз) расмийлаштирилди.

  Шундан, 6 та кластер ва 396 та фермер хўжаликларида 19000 гектарда томчилатиб (95 фоиз), 28 та фермер хўжаликларида 660 гектарда ёмғирлатиб (289 фоиз),  2 та фермер хўжаликларида 23 гектарда дискрет (100 фоиз) бўйича шартномалар тузилди.

  Жорий йилнинг 15 март ҳолатига банклар томонидан томчилатиб суғориш технологиясини жорий этувчи 2 та кластер корхонасига 3 минг гектар майдонга 60.0 млрд.сўм ва 55 та фермер хўжаликларига 2 минг 207 гектар майдонга 38.66 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилган. 2 та фермер хўжалиги томонидан 300 гектар майдонга 1.34 млрд сўм ўз маблағлари ҳисобидан қурилиш ишлари учун маблағлар ажратилган.

Вилоят бўйича 201 та фермер хўжаликлари томонидан 6962 гектар майдонда тизимни қурилиш ишлари бошланган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан бу жараён қатъий назоратга олинган. Вилоятда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниши юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида жами 39 та ҳолатда камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланиб, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи вилоят ва туман ишчи гуруҳларининг масъулиятини ошириш бўйича тегишли ташкилот раҳбарларига 11 та ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилди. 

Шунингдек, инспекциянинг туман бўлимлари томонидан 8 та ҳолатда сув хўжалиги ташкилотларига кўрсатмалар киритилган.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликларни эрта олдини олиш мақсадида 28 та сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этувчи талабгорлар ҳамда пудратчи ташкилот раҳбарларига расман огоҳлантиришлар берилди.

Шавкат Бозоров, “Ўзагроинспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси бош инспектори       

Text to speech