Бугунги кунда аҳолини сифатли парранда гўшти маҳсулотлари билан таъминлаш, уларнинг наслини яхшилаш орқали уларнинг маҳсулдорлик кўрсаткичларини ошириш долзарб масалалардан бири бўлиб, бу борада фермер хўжаликларига чет давлатларидан наслли паррандаларни олиб келиш учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Инспекция фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кўра, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябридаги “Наслли маҳсулот (материал)ни экспорт ва импорт қилиш тартиби тўғрисида”ги 252-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Инспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан доимий назорат ўрнатилган.
Чет давлатларидан олиб келинган наслли жўжалар ўз вақтида карантинга қўйилиб, карантин даврида тегишли ветеринария-санитария тадбирлари ўтказилиши таъминланмоқда, натижада чет давлатларидан келтирилган наслли жўжалар орқали ҳайвонлар юқумли касалликларнинг тарқаб кетиши олди олинмоқда.
Паррандачиликни ривожлантириш мақсадида яратиб берилаётган имкониятлар ва имтиёзлар сабабли чел давлатлардан наслли жўжалар келтирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 280-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, "Ўзагроинспексиа"нинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан доимий назорат ўрнатилган бўлиб, бугунги кунда ушбу қарор ижроси бўйича профилактик тадбирлар ва мониторинглар ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, Оқ-дарё туманидаги "Престиж Дон" масъулияти чекланган жамияти томонидан Венгрия давлатининг "Авиаген КФТ" компаниясидан 10 минг 998 бош бир кунлик наслли жўжалар олиб келинган бўлиб, ҳозирги вақтда ушбу корхона томонидан олиб келинган жўжалар учун субсидия олиш мақсадида, ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш инспекторлари томонидан жами 199 та назорат тадбирлари, шундан, 31 та текшириш ва 168 та мониторинг ўтказилди.
Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 104 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан 95 та огоҳлантирув, 99 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма ва 1 та тақдимнома киритилди, 1 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун судга юборилган ва инспекция ваколати доирасида 3 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Улуғбек Яхшимуродов, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори