Президентнинг “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини тубдан модернизация қилиш, сифатли ва рақобатбардош уруғлик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уруғчиликда қўшилган қиймат занжирини шакллантириш, соҳани рақамлаштириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни ўзаро интеграция қилиш ва кооперация муносабатларини ривожлантириш ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий этиш вазифалари белгилаб берилган эди.
Шунингдек, Ҳукуматнинг тегишли қарори билан уруғчилик тизимини тартибга солувчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши мунтазам назорат қилиб келинмоқда.
Жорий йилда уруғлик етиштиришга ихтисослаштирилган ҳудудларда ғўза парваришини олиб бораётган 3 213 нафар субъектларнинг 102,7 минг гектар ҳамда 52 та элита уруғчилик хўжаликларининг 2,3 минг гектар майдонида ғўза навларининг морфологик белгиларидан келиб чиқиб, нав тозалигини ўтказиш, давлат стандарти талабидаги юқори сифатли навдор уруғликларни етиштиришда муҳим тадбир ҳисобланади.
“Селекция ютуқлари тўғрисида” гаги Ўзбекистон Республикаси қонунида нав атамасига шундай таъриф берилган: “нав - ўсимликлар гуруҳи бўлиб, у наслдан наслга барқарор ўтувчи, муайян генотип ёки генотиплар комбинациясини бошқалардан ажратиб турувчи белгиларга қараб аниқланади ва айни бир ботаник таксондаги бошқа ўсимликлар гуруҳидан бир ёки бир неча белгилари билан фарқланади. Клон, линия, биринчи авлод дурагайи, популяция навнинг муҳофаза қилинадиган объектларидир”.
Бугунги кунда, маҳаллий шароитда яратилган ўрта ва ингичка толали ғўза навларининг 40 таси Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига киритилган бўлиб, ҳудудлардаги махсус элита уруғчилик хўжаликлари томонидан ушбу навларнинг уруғлиги изчил равишда кўпайтириб келинмоқда.
Тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатига кўра, уруғлик етиштириш ваколатига эга бўлган субъектларнинг вазифа ва функциялари белгилаб берилган бўлиб, бунда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлигини етиштириш ҳуқуқига эга бўлган танлов ғолиблари - фақат уруғлик, бир авлодга мансуб бўлган битта нав экилишини таъминлаш, кўпайтирилаётган навнинг қимматли хўжалик белгилари ва технологик хусусиятларини сақлаш, юқори сифатли ва нав софлигига эга бўлган авлодли уруғлар етиштириш, авлодли уруғликларни етиштириш тартиби ва қоидаларига амал қилиш ҳамда уруғлик учун экилган майдонларни бегона нав ва ўсимликлардан тозалашлари лозим бўлади.
Нав тозалиги муайян бир хўжаликда экилган ғўза навининг морфологик белгилар мажмуидан келиб чиқиб ўтказилади. Жумладан, ғўза нави тупининг шакли (конуссимон, пирамидасимон ва ҳ.к.), шохланиш типи, барг сатҳининг катта кичиклиги, баргининг устки ва остки томонлари тукланиши, барг бандининг узунлиги ва тукланиши, гулининг ранги ва катта кичиклиги, кўсагининг шакли (думалоқ, чўзинчоқ, тухумсимон ва ҳ.к.) ранги, катта кичиклиги, чаноқларга бўлиниши, кўсак юзасининг ҳолати (силлиқ, ғадир-будир) каби бир қатор белгилар асосида маълум бир нав бегона нав аралашмасидан тозаланиши керак.
Амалдаги давлат стандарти бўйича элита авлодли уруғликларнинг нав тозалиги-100 фоизни, 1-авлоди-99 фоизни, 2-авлоди-98 фоизни, 3-авлоди-96 фоизни ташкил қилиши лозим бўлади. Агарда, маълум бир хўжаликнинг уруғлик майдони 60х20х1 тартибда экилганлигини инобатга олсак, ушбу хўжаликнинг ҳар бир гектарида 83,3 минг туп ўсимлик жойлашади ва унинг навдорлигини 2 фоизга тозалаш зарурати бўлганда, ҳар бир гектарини 1666 туп бегона ўсимликдан тозалаш керак бўлади.
Ушбу тадбирнинг уруғчилик субъектларга бириктирилган масъул уруғчи-агрономлар иштирокида сифатли ўтказилиши, келгусида фермер хўжаликларини юқори сифатли навдор уруғлик чигит билан таъминлаш, пировард натижада эса фермерларимизнинг пахтадан юқори ҳосил олишида муҳим аҳамият касб этади.
Инспекциянинг ҳудудий бошқарма ва туман бўлимлари томонидан уруғчилик субъектларида ушбу тадбирнинг ўтказилиши мунтазам назорат қилиб борилмоқда.
Н.Исмаилов - Агроинспекциянинг Уруғлик пахта хомашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи
М.Қурбанбаев – Агроинспекциянинг Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи