Бугунги кунда аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш мақсадида, Навоий вилоятида 2024-йил ҳосили учун ғалладан бўшаган майдонларни сомондан пешма-пеш тозалаш ҳамда такрорий экин экиш ишлари жадал кетмоқда.
Жумладан, 33 300 гектар майдонларда такрорий экинлар экиш, шу жумладан 1 395 гектар сабзавот, 355 гектар полиз, 1 000 гектар картошка, 1 923 гектар мойли, 10 866 гектар дуккакли дон, 1 500 гектар шоли, 8 657 гектар озуқа ҳамда 7 604 гектар тарих экинларини экиш режалаштирилган.
Хусусан, Биргина Хатирчи туманида 9 минг 789 гектар майдонларга картошка, полиз, сабзавот, мойли шоли ҳамда тарих экин экиш ишлари фермер хўжаликлари томонидан уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Туман хокими секторига қарашли Қосим Раҳматов ҳудудидаги “Пўлат бобо” фермер хўжалиги томонидан 21 гектар ғалла майдони мавжуд бўлиб, туманда ғалла топшириш режасини биринчилардан ортиғи билан бажариб, ғалладан бўшаган майдонларда 16 гектар дуккакли ҳамда 5 гектар сабзавот экинларни экиш ишларни якунламоқда. Такрорий экиннинг далага ҳам фойдаси катта. Ғалладан бўшаган ерга такрорий экин экилганда ерга биологик азотнинг етишмаслик муаммоси бартараф этилади, майдонлар янада маданийлашади.
Бундан ташқари, такрорий экин қўшимча ҳосил манбаи бўлиб, аҳолининг моддий неъматларга бўлган эҳтиёжини қондиради, нарх-навонинг арзонлашуви ва зироатчиликда кўп ҳосилли тизимнинг барқарор ривожланишини кафолатлайди.
Қолаверса, тупроқ унумдорлигини муттасил ошириб, органик модда билан бойитади, унинг хоссаларини яхшилаб, биологик жараённи кучайтиради ва деҳқонларга қўшимча даромад келтиради. Асосийси, аҳолини йил давомида витаминларга бой сабзавот, полиз ва картошка маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти яратилади.
Б.Туйчийев, Инпексиянинг вилоят бошқармаси бош мутахассиси.