Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ва Халқмиз турмуш-фаровонлигини оширишда қишлоқ хўжалиги соҳаси етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилояти бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими билан ҳамкорликда Инспекциянинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ўтган 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар ва 2024 йилдаги режалар юзасидан ўтказилган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда ОАВ вакиллари, блогерлар ва соҳа масъуллари иштирок этдилар.
Анжуманда бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимларида ўтган давр мобайнида қонунчилик талабларига риоя этилиши, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳолати, пахта хом ашёси, дон ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланиш, агротехник тадбирлар, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ишларини назорат қилиш- тизимда қай даражада амалга оширилаётгани ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида мутахассислар томонидан маълумотлар берилди.
Шунингдек, 2024 йил давомида Агроинспекция томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ва режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. – Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда соҳани ривожлантиришга оид қонун ва қарорларлар ижроси, белгиланган тартиб-қоидаларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш борасида бир қатор ишларга қўл урилмоқда, – дейди «Ўзагроинспекция» Навоий вилояти бошқармаси Ахборот-таҳлил, ижро интизоми, маъмурий амалиёт ва мурожаатлар билан ишлаш шўбаси бошлиғи Орифжон Назаров.
– Хусусан, инспекция томонидан 2023 йил давомида 371 та текширишлар ўтказилиб, 4 минг 900 тадан зиёд таъсир чоралари кўрилди.
қонунбузарлик ҳолатлари ва бунга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш, тегишли чора-тадбирлар белгилаш борасида мутасадди ташкилот ва корхоналар раҳбарлари номига 73 та тақдимнома киритилиб, бажарилиши мажбурий бўлган 4 минг 456 та ёзма кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, 4 минг 795 нафар шахслар расман огоҳлантирилиб, 375 нафар мансабдор шахслар ва фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди ва шулардан 40 нафарига қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Тадбир якунида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилиб, бошқарма билан ОАВ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Д. Рашидова, Инспекциянинг Навоий вилоят бошқармаси