Ру Ўз O`z En

НАВОИЙ: СУВДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШДА 355 ТА ҚОНУНБУЗИЛИШИ ҲОЛАТЛАРИ АНИҚЛАНДИ

10 Ноябрь 2021 1494

"Ўзагроинспекция" Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан доимий назорат олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг январь-октябрь ойида инспекторларимиз томонидан 957 та назорат тадбирлари ўтказилиб, 355 та ҳолатда қонунбузилишга йўл қўйилгани ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Ўтказилган назорат тадбирлари таҳлил қилинганда, аксарият қишлоқ хўжалиги сув истеъмолчилари томонидан (193 та ҳолатда) сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидалари бузилгани аён бўлади. Шунингдек,  35 та ҳолатда сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, 19 та ҳолатда сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитларини бузилганлиги, 15 та ҳолатда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузиш, 6 та ҳолатда Давлат сув кадастри юритишнинг белгиланган тартибини бузиш ва бошқа қонунбузилишлар аниқланди.

-    Аниқланган камчиликлар юзасидан Инспекциянинг вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ваколат доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 86 та маъмурий жарима, 44 та  жарима санкция қўлланилди, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Меҳриддин Воҳидов. - 168 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун судларга ва прокуратура органларига киритилиши таъминланди. Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 51 та ёзма кўрсатма ва 30 та тақдимнома киритилди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 796 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.

Жорий йилнинг октябрь ойида 58 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлса,  44 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Кармана тумани “Нарпай” ҳудудидаги “Карим Розиқ” фермер хўжалиги томонидан 6 гектар пахта майдони эътиборсизлик туфайли кўллатиб юборилган.  Шунингдек, Хатирчи тумани “Ёрлоқобов” ҳудудидаги “Сарварбек Сардорбек даласи” фермер хўжалиги, “Э.Абдиев” ҳудудидаги “Қудрат Султон Ризоси” фермер хўжаликлари томонидан 2022 йил ҳосили учун ғалла экинни суғориш сувини бошқа экинларга олиниб, суғориш режимлари бузилганлиги аниқланди. Мазкур ҳолатлар бўйича фермер хўжаликлар раҳбарларига нисбатан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш ҳолати юзасидан МЖтКнинг 74-моддаси 2-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, тегишлилиги бўйича туман судига юборилиши таъминланди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 53 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.

Вилоятнинг барча ҳудудларда мазкур йўналишдаги назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech