Ру Ўз O`z En

Навоий: 3 минг гектар очиқ ер майдонларида соя экиш режалаштирилмоқда

18 Май 2022 1460

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда соячиликка бўлган эътибор янада кучайди. Зироатчиликнинг мазкур тури ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан фойдали ҳисобланади.

Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ушбу зироат турининг аҳамияти катта. Шуни ҳисобга олган ҳолда жорий йил Навоий вилоятида фермер ва қишлоқ хўжалигининг 3 000 гектар очиқ ер майдонларида соя ўсимлигини етиштириш режалаштирилган.

Ўсимлик агротехникаси билан боғлиқ жараёнлар эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.  

Манбаларда келтирилишича, соя дони таркибида 50 фоиз оқсил, 28 фоизгача мой бўлиб, озиқ-овқат саноатида муҳим хом ашё саналади. Бундан ташқари, соянинг саноат, техника, чорвачиликни ривожлантиришда ҳам роли катта. Ундан совун, лок-бўёқ, пластмасса, плёнка ишлаб чиқаришда, кимё, тўқимачилик саноатида кенг фойдаланилади.

Қимматли озуқа эканлиги эса унинг аҳамиятини янада оширади. Соядан шрот, кунжара олинади. Яшил пояси чорва учун тўйимли озуқадир.

Бугунги кунда дунёда соя ўсимлигидан 400 дан ортиқ хилдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар орасида энг қимматлиси оқсилдир. Агар дунё бўйича оқсил манбаининг 32 фоизи чорва моллари улушига тўғри келса, қолган 68 фоизи ўсимликлардан, шу жумладан, 55 фоизи соядан олинади. Шу сабабдан ҳозирги кунда оқсил танқислигини бартараф этишда соя катта аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, вилоятнинг Навбаҳор туманидаги “Навбаҳор текстиль” МЧЖ кластер корхонаси очиқ ер майдонининг 30 гектарига, “New agro sistem” фермер хўжалигининг 15 гектар ва “Очилова Инобат” фермер хўжалигининг 10,4 гектар майдонига соя экини экилди.

Соя ўсимлиги 120-150 кунларда пишиб етилади - дейди “Ўзагроинспекция” Навбаҳор туман бўлими бошлиғи Аббос Ризоқулов.

Экин экилгандан кейин уни культивация қилиш, ўз вақтида озиқлантириш, ишлов бериш тадбирларини кечиктирмаслик юзасидан ходимларимиз томонидан кунлик назорат ишлари олиб бориляпти. Соя экилган майдонларда уруғ қадалганидан токи ҳосил йиғиб олингунига қадар мониторинг тадбирларини ўтказиб борамиз.

Ўзагроинспекциянинг Қизилтепа туман бўлими бошлиғи ўринбосари Элмурод Тўхтаевнинг айтишича, туманда 200 дан ортиқ фермер хўжалик ерларида соя экилган. Шунингдек, Инспекциянинг туман бўлим ходимлари томонидан агротехник тадбирлар назорати мунтазамлиги йўлга қўйилган. Фермерларга зарур тавсиялар ҳам бериб келинмоқда.

Масалан, тумандаги “Ҳалимов Абрам Акрам пахтакори” фермер хўжалиги томонидан 7,54 гектар майдонга соянинг “Селектор 302” нави экилган - дейди фермер хўжалиги раиси Фаёз Ҳалимов. Соя экишдан олдин ерни 150 килограмм фосфорли, эккандан кейин эса 200 килограммдан минерал ўғит билан тупроқни озиқлантирдик. Ҳозир экинларимиз бўй чўзиб қолган. Келгусида 40 центнердан ҳосил олишни ният қилганмиз.

Қувонарлиси, соя экиш ва уни парваришлаш бўйича етарлича тавсия олаётган бошқа фермерлар ҳам  соя экилган майдонларда мўл ҳосил олишни мўлжаллашмоқда.

Таъкидлаш жоизки, соя етиштиришни кенг ўзлаштирилиши иқтисодий фаровонликка хизмат қилади.

Бу нафақат халқимиз  дастурхонини озиқ-овқат маҳсулотлари билан бойитиш, балки бозорларимиз арзонлигини таъминлашда ҳам қўл келиши билан эътирофга лойиқдир.

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

Text to speech