Ру Ўз O`z En

НАВОИЙ: СУБСИДИЯДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИНИ БУЗГАН ЧОРВАЧИЛИК ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИГА ЧОРА КЎРИЛАДИ

10 Март 2021 2432

Мамлакатимизда чорвачилик, хусусан, наслчилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани барчамизга маълум. Жумладан, чет давлатлардан наслли молларни импорт қилиш ва уни юртимиз иқлим шароитига мослаб парваришлаш, кўпайтириш ҳамда бунинг натижасида чорва маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш учун субсидия маблағлари ажратилиши ҳам мақсадга мувофиқ бўлмоқда. Ўз навбатида ажратилган субсидиядан белгиланган талабларга мос равишда фойдаланиш ҳам муҳимдир.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳам  қабул қилинган. Мазкур ҳужжатнинг 1-иловасида 2020 — 2022 йилларда хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни сотиб олган хўжаликларга ҳамда республикада наслдор қорамолларни етиштирадиган наслчилик хўжаликларига субсидия бериш тартиби ва қоидалари кўрсатиб ўтилган. Шу асосида “Ўзагроинспекция”нинг Навоий вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан наслчилик хўжаликларига субсидия ажратилганидан сўнг четдан олиб келинган чорвани талабларга мос парваришланиши ва бошқалар юзасидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Ўтган йилда вилоят бўйича Қизилтепа туманидаги “Янги Аср”, “Зарметан зотдор чорлари”, Томдидаги "Томди Янги Қозғон" фермер хўжаликлари ва “Албиён 2019”, “Евросомстреам”, "Шерзод Хаким Томди", “Шерзод нур томорқа" масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Конимех Насл Чорва"МЧЖ қўшма корхонаси каби хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни сотиб олган хўжаликларга жами 1 миллиард 148 миллион сўм субсидия маблағлари ажратиб берилган.

Хусусан, Хатирчидаги “Ангидон бодомлари” фермер хўжалигига 2020 йил 3 август куни Россия федерацияси таркибидаги Бошқирдистон Республикасидан 300 бош “Раманов” зотли наслли қўйлар олиб келиниб, юқоридаги қарорга кўра хўжаликка бу қўйлар учун жами 120 миллион сўм субсидия маблағи ажратиб берилган эди.

Ўтказилган назорат тадбирида “Ангидон бодомлари” фермер хўжалигида мазкур бандга зид ҳолатда иш кўрилгани маълум бўлди. Яъни жорий йилнинг январь ойи ҳолатида хўжаликда 300 бош наслли қўйдан фақат 130 таси парвариш қилинаётганлиги,  170 бош қўйлар турли сабабларга кўра сотиб юборилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун вилоят прокуратурасига юборилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 280-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 13-бандига кўра, субсидия олувчилар наслдор қорамол, қўй ва эчкилардан камида 2 авлод олгунгача сақлаши зарурлиги кўрсатилган. 

 

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

 

 

Text to speech