Ру Ўз O`z En

НАВОИЙ: УРУҒЛИК ЧИГИТ ТАЙЁРЛАШ ЖАРАЁНЛАРИ НАЗОРАТДА

7 Февраль 2022 2449

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилояти бошқармаси томонидан 2022 йил пахта ҳосили учун давлат стандарти талабларига жавоб берадиган, сифатли уруғлик чигит тайёрлаш мақсадида пахта тўқимачилик кластерлари ва уруғлик чигит тайёрлашга ихтисослашган цехлар томонидан уруғлик чигит тайёрлаш ишлари назорат қилиб келинмоқда.

Инспекциянинг вилояти бошқармаси Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан 2021 йил пахтачилик йўналишида мавжуд уруғлик пахта етиштирувчи хўжаликларида ҳамда уруғлик пахта қабул қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарда сара уруғ тайёрлаш мақсадида жами 292 та назорат тадбирлари ўтказилиб, натижада 2022 йил ҳосили учун 5 282 тонна O’z DSt 642 давлат стандарти талаблари асосида сифатли уруғлик пахта жамғарилди.

Шундан, асосий фондга 3 минг 459 тонна, захира фондига 1 минг 823 тонна уруғлик пахта уруғлик пахта етиштирувчи хўжаликлар томонидан қабул қилиб олинди.

-Қабул қилинган уруғлик пахта хом-ашёсини ғарамларда камида икки ой тиним даврида сифатли сақланиб, пахта хом-ашёсидаги чигитлар тўлиқ физиологик етилганидан сўнг, қайта ишлашга бериш ва ишлаб чиқаришдан олинган уруғлик чигитни уруғлик тайёрлашга ихтисослашган корхоналарга ташиш, дорилаш, сақлаш ва фермер хўжаликларга етказиб берилишини ташкил қилиш босқичма-босқич амалга оширилади, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Асқар Мирзоев. - Шу сабабли уруғлик чигит тайёрлаш учун мавжуд пахта кластерларига тегишли пахта тозалаш корхоналарида “Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан уруғлик пахтани тозалашга созлаш ҳамда мавжуд иккита уруғлик чигит дорилаш цехларини мавсумга тайёрлаш доимий мониторинг қилиб борилди. Ҳозирги кунда вилоятдаги пахта-тўқимачилик кластерлари ва уруғлик тайёрлаш цехларида жами 1 минг 790 тонна уруғлик пахта тозалаб, сараланиб, 290 тоннаси туксизлантирилган бўлса, 1 минг 206 тонна уруғлик чигитни эса дорилаш ишлари амалга оширилди.

Деҳқончиликда мўл ҳосил олишнинг асосий омили сифатли уруғ саналади. Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари уруғлик пахтани қайта ишлаш ва уларни мавжуд уруғлик цехларида саралаш тозалаш ҳамда туксизлантириш шу билан бирга дорилаш ишларини сифатли ташкил этилишини доимий назорат қилиб боришмоқда.

Ўзагроинспекция” қошидаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан бириктирилган мутахассислар иштирокида технологик жараёнларда O’z DSt 663:2017 давлат стандарти талаблари асосида ҳар икки соатда уруғлик чигитлар қайта ишланаётганлиги ҳамда сифатли дориланаётганлиги таҳлил қилиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида келтириш жоиз, Қизилтепа туманида мавсум бошидан буён 795 тонна уруғлик чигит тозалаб-сараланган бўлса, Хатирчи туманида бу кўрсаткич 583 тоннани ташкил этади.

Навбаҳор туманида эса 2021 йил уруғлик пахта ҳосили учун 28 та фермер хўжалигининг 990,1 гектар майдонига “Бухоро-102” навининг “Элита” ва “R1” авлодлари экилган эди. “Навбаҳор текстиль” масъулияти чекланган жамиятига қарашли завод олди пахта қабул қилиш масканига 1 минг 312 тонна сифатли уруғлик пахта жамғарилишига эришилди.

Ушбу уруғлик пахта хом-ашёсини қайта ишлаш жараёнида Ҳукуматнинг 2021 йил 12 октябрдаги 641-сонли қарори 5-иловасида келтирилган талаблардан келиб чиқиб, “Уруғлик пахтани дастлабки қайта ишлаш технологик регламент”и талаблари асосида қайта ишланиши, қайта ишлашдан олдин цехнинг агрегатлари техник пахта ва чигитлардан тозаланиб, цехнинг асосий ва ёрдамчи ускуналари ростлаб олиниши ҳамда “юмшоқ” режимда ишланиши кабилар Инспекция туман бўлими инспекторлари томонидан назоратга олинди. Жумладан, мазкур МЧЖга қарашли пахта тозалаш корхонаси лаборатория мудири ва лаборантига юқорида келтирилган қоидаларга амал қилиши бўйича бажарилиши лозим бўлган ёзма кўрсатмалар берилди.

-  Ҳозирда 506 тонна R1 авлодли уруғлик пахтанинг 4-ва 14- партиялари O’zDst:663-2017 стандарт талабларига риоя қилган ҳолда қайта ишланиб, 264 тонна уруғлик чигит саралаш, туксизлантириш ва дорилаш учун Кармана туманидаги “Зарафшон пахта сервис” МЧЖга қарашли дорилаш цехига жўнатилган, - дейди “Ўзагроинспекциянинг Навбаҳор туман бўлими катта инспектори Воҳиджон Нодирбоев. - Бугунги кунга қадар туман бўйича 412 тонна уруғлик чигит тозаланиб-сараланган бўлса, 225 тонна уруғлик чигит туксизлантирилиб, дориланди. 

Таъкидлаш жоизки, “Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлим инспекторлари томонидан амалга оширилаётган назорат тадбирлари натижасида вилоятда сифатли уруғлик чигит тайёрланишига эришилади. Бу эса келгусида фермер хўжаликлари томонидан пахтадан мўл ҳосил олинишида муҳим аҳамият касб этади.

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Text to speech