Ру Ўз O`z En

НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА ЧОРВАЧИЛИК СОҲАСИДА 168 ТА ҚОНУНБУЗИЛИШ ҲОЛАТЛАРИ АНИҚЛАНДИ

8 Июнь 2021 1809

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўйича қатор назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан, инспекторлар томонидан жорий йилнинг январь-май ойларида жами 554 та назорат тадбирлари ўтказилди. Шундан, 510 таси мониторинглар ва 44 та текширишларга (шундан 43 таси хабардор қилиш тартибида) тўғри келади.

Ўтказилган назорат ва мониторинг тадбирлари давомида жами 168 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 55 таси юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган, тегишлилиги бўйича 24 та тақдимномалар киритилган, 89 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди.

Ўтган давр мобайнида инспекторлар томонидан ўтказилган назорат тадбирлари таҳлил қилинганда, Инспекциянинг Конимех туман бўлими томонидан 95 та назорат тадбирлари ўтказилиб 30 та, Нурота туманида 19 та, Хатирчида 40 та, Учқудуқ туманида 13 та, Томдида 7 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, Конимех туманида ўтказилган назорат тадбирларида қўйчилик йўналишида фаолият юритаётган наслчилик мақомига эга хўжалик юритувчи субъектларда подаларга бошқа зотдаги қўйларни қўшмаслик қонунда белгилаб қўйилганига қарамай, бу масалага эътиборсизлик билан ёндошиб келаётган чўпонлар борлиги кузатилди. Хусусан, “АА” наслчилик мақомига эга масъулияти чекланган жамияти отар чўпонлари ва ишчи ходимлари ўзларига қонун-ҳужжатлар билан юклатилган вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганликлари оқибатида Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилишига йўл қўйилган.

АА” масъулияти чекланган жамиятининг бош чўпонлари томонидан МЧЖга тегишли бўлган 1 333 бош қоракўл зотли қора рангли кўйлари билан бирга ўзларига тегишли бўлган 31 бош бошқа зотдаги, турли ҳил тусдаги ҳар хил рангли қўй ва қўчқорларни бирга қўшиб боқаётганлиги аниқланди.

-Мазкур ҳолат қоракўл зотли қўйларнинг сифати, насл софлиги бузилишига сабаб бўлади,- дейди “Ўзагроинспекциянинг Конимех туман бўлими катта инспектори Жаҳонгир Чўтбаев.- Мазкур қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган, шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди. МЧЖ раҳбарига юзага келган қонунбузилиши ҳолатлари олдини олиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилди ҳамда қонунбузилишига йўл қўйган масъулияти чекланган жамиятининг 2 нафар бош чўпонига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб кўриб чиқиш учун Конимех туман жиноят ишлари бўйича судига юборилди.

Чорвачиликка ихтисослашган олис Учқудуқ туманида 3 та наслчилик хўжаликлари ташкил этилган бўлиб, шундан 2 та қорамолчилик ва 1 та қўйчилик йўналишида фаолият кўрсатмоқда.  Ўтказилган назорат тадбирларида бу ерда ҳам наслли қорамолларга жайдари молларни бирга қўшиб боқиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Хусусан, тумандаги қорамолчилик йўналишида наслчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган “И.И” фермер хўжалиги фаолияти ўрганилди. Ўрганиш  давомида ушбу фермер хўжалигида мавжуд қорамолларни наслини тасдиқловчи ҳужжати йўқ бўлиб, наслчилик ҳисоб китоби, пода ҳаракати тўғри юритилмаганлиги, ҳар хил зотга мансуб моллар аралаш холда кўпайтириб келинаётганлиги аниқланди.

- “Наслчилик тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида наслчилик субъектлари наслли маҳсулотнинг сифатини кафолатлашлари шартлиги кўрсатиб ўтилган, - дейди “Ўзагроинспекциянинг Учқудуқ туман бўлими катта инспектори Феруз Бойназаров.-  “И.И” фермер хўжалиги раҳбари томонидан бу талаблар бажарилмай келинган. Мазкур қонунбузилиш ҳолати юзасидан тўпланган материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун туман жиноий судига тақдим этилиб,  фермерга нисбатан туман жиноий суди томонидан 223 минг сўм жарима қўлланилди.

Шу билан бирга туманда фаолият кўрсатиб келаётган 89 нафар фермер хўжаликларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2017 йил 22 сентябрдаги 748-сонли қарори ижросини бажарилиши юзасидан ёзма огоҳномалар берилган.

Вилоятда Агроинспекция инспекторлари томонидан чорвачилик йўналишидаги назорат тадбирлари давом этмоқда.

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси

 матбуот хизмати

Text to speech