Маълумки, ерларнинг шўрини ювиш мавсумий тадбир бўлиб, бундан асосий мақсад экин экиладиган майдонлардаги тупроқларнинг ўсимлик илдизи ривожланадиган актив қатлами таркибидаги суғоришлар оқибатида тўпланган зарарли тузларни сув билан эритиб, ерости сизот сувлари билан зовурлар орқали ер майдонларидан ташқарига чиқариб юборишдир. Навоий вилоятида шўр ювиш ишлари 21 декабрдан бошланиб, февраль ойининг охирига қадар якунланиши режалаштирилган.
Ушбу долзарб жараённи амалга оширишда нималарга аҳамият қаратиш лозим? Кармана, Навбаҳор, Хатирчи ва Қизилтепа туманларида шўр ювиш ва шўр ювишга ер тайёрлаш ишларини ташкил этиш, бу борада фермер ва деҳқонларга тавсия ҳамда кўмак бериш борасида вилоятда кўргазмали ўқув семинарлари бўлиб ўтди.
Унда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича масъул ходимлар, фермерлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари иштирок этди. Семинарда ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювишни ўтказишнинг бир қанча умумий қоидалари ҳақида гапирилди. Хусусан, бунда биринчи навбатда суғориш шаҳобчаларини ва зовурларни тозалаш керак. Мутахассисларнинг таъкидлашича, шўри ювиладиган ерлар 35-40 сантиметр чуқурликда шудгор қилиниб молаланади. Узун елканли текислагич билан икки йўналишда қиялик фарқи 5 сантиметр текисланади. Чунки нотекис ерларда тупроқни бир хилда сув бостириб тузлардан тозалаб бўлмайди. Сувдан тежамли фойдаланиш имконияти йўқолади. Шўрланган ерлар асосан бостириб ювилади. Бундай ювиш участка ўқариқлари ва челлар олиниб, бўлакларга бўлинади, полларнинг катта-кичиклиги даланинг нишаблигини ва текислаш сифатига қараб белгиланади.
Вилоятда 20 минг гектар шўр ювиладиган майдон бўлиб, унинг 3 минг 580 гектарини кучли, 12 минг 610 гектарини ўртача, 3 минг 810 гектарини эса кучсиз шўрланган майдонлар ташкил қилади. Шўр ювишга вилоят бўйича жами 156,6 миллион метр куб сув талаб этилади.
- Шўр ювишни кучли шўрланган майдонлардан бошлаш зарур,- дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Меҳриддин Воҳидов. – Челдан челга сув қуйиб суғориш, сув қуйилган майдондан сув ташлаш ман этилади. Шунингдек, ер сувга тўлиқ бостирилиши лозим, акс ҳолда сифатсиз шўр ювилган бўлади. Сувдан унумли ва тежамли фойдаланиш керак. Бу эса шўр ювиладиган майдон назоратсиз қолмаслиги шартлигини кўрсатади. Шўр ювиш ишлари кечаю кундуз ташкил этилиши лозим. Бунинг учун сувчилар резина этиклар ва тош фонарлар билан таъминланган бўлиши керак. Шўр ювиш ишлари давомида бу қоидаларга амал қилинаётганига доир назорат тадбирларини ўтказишни кўзда тутганмиз.
Айтиш керакки, вилоятда мазкур жараённи сифатли ўтказилишига алоҳида аҳамият қаратилган. Жумладан, 51 та шўр ювиш отрядлари ташкил этилган бўлиб, уларга 4 минг 599 нафар сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари ва фермер хўжаликлар сувчиларидан иборат ишчилар бириктирилган.
Навбаҳор туманида 2021 йил ҳосили учун жами 115 та фермер хўжаликларида 4600 гектарда шўр ювиш ишларини амалга оширилиши режалаштирилган. Туман бўйича бу тадбир жорий йилнинг 21 декабрдан бошланиб, 2021 йилнинг 28 февралига қадар ўтказилиши белгиланган. Шўр ювиш ишларига жами 32,8 минг м3сув талаб қилинади.
- Мавжуд 90 гектар еримизнинг 50 гектарида шўр ювиш ишлари бажарилади, - дейди тумандаги “Тоҳир қизи Ҳабиба” фермер хўжалиги раиси Зиёвуддин Маҳаматов. – Шунга яраша ҳозирлик кўрилди, ерлар шудгор қилиниб, чел олинди. Сув олиш ишларига олтита сувчи ажратганмиз. Улар фонар, резина этиклар билан таъминланган. Шўр ювиш ишларини сифатли қилиб ўтказишни мўлжаллаб турибмиз.
“Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган нақл бежизга айтилмаган. Эртанги ҳосилдорликнинг “чўғи баланд” бўлишида бугунги ҳаракатнинг ўрни катта. Хусусан, шўр ювиш ишлари ўз вақтида кечиктирилмай олиб борилиши зарур. Бу эса ернинг яхши етилиши ва экин экиш ишлари муддатида бажарилишини таъминлайди. Шунга кўра вилоятда шўр ювиш ва шўр ювишга ер тайёрлаш ишлари қизғин давом этмоқда.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати