Ру Ўз O`z En

НАВОИЙДА 30 939 ГЕКТАР МАЙДОНГА ТАКРОРИЙ ЭКИН ЭКИЛАДИ

2 Июль 2021 2613

Айни кунларда вилоятда ғаллани нест-нобуд қилмай ўриб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Шу қаторида ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш тадбирлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Ўрилган ғаллазорларни сомондан тозалаш, шудгорлаш ва экин экишни бошлаш жараёнлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан назоратга олинган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йил вилоятда 30 939 гектар майдонга такрорий экин экилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, мавсум бошидан буён 23 093 гектар майдонга такрорий экин экилган бўлиб, бир кундаги кўрсаткич бир кунда 1 491 гектарни ташкил этади.

Такрорий экин экиш учун аҳоли, хусусан, ишсиз аҳолига ҳам ер ажратиб берилмоқда. Жумладан, бугунги кунга қадар вилоят бўйича 56 547 нафар аҳолига 23 111 гектар ер майдони ажратиб берилди. Шундан ишсизлар сони 10 654 нафар бўлиб, уларнинг такрорий экин экиб даромад олиши, рўзғорини бутлаши учун 3 340 гектар ер майдони ажратиб берилгани мақсадга мувофиқ бўлмоқда.    

Такрорий экинлар қаторида сабзавот, полиз, дуккакли, мойли, озуқа экинлари ва шоли, тариқ экилмоқда. Жумладан, вилоят бўйича 11 693 гектар ер майдонига дуккакли, яъни, мош, ловия, нўхат каби экинлар экилган бўлса, шунинг 6 679 гектари Хатирчи тумани фермер хўжаликлари ерларига тўғри келади.

Инспекция туман бўлими инспектори Алишер Ашуровнинг маълумот беришича, ғалладан бўшаган майдонлар пешма-пеш сомондан тозаланиб, ўз вақтида такрорий экин экиш агротехник тадбирлари Инспекция вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлими инспекторлари томонидан назоратга олинган.

Мисол учун, Қизилтепа туманида 1 июль ҳолатига кўра, 17 130 нафар аҳолига 8 707 гектар ер майдони такрорий экин экиш учун ажратиб берилди. “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда  ишсиз фуқарога имконият яратиш мақсадида қилинаётган бу хайрли иш эътиборга молик бўлмоқда. Мавсум бошидан буён 842 нафар ишсиз фуқарога ер майдони ажратиб берилди. Рўзғор учун зарур бўлган сабзавот, полиз, дуккакли экинларни ердан ҳалол меҳнат билан етиштириш ҳам даромад манбаи, ҳам оила бюджетига фойда. Буни англаган ҳар бир фуқаро такрорий экин экиб, ундан мўл ҳосил олишни ният қилган.

Туманда бир кунда 506 гектар ғалладан бўшаган майдонга такрорий экин экиляпти, - дейди Инспекциянинг Қизилтепа туман бўлими бошлиғи Умар Турсунов. Асосан, сабзавот, полиз экинлари экилиб, бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.

Жумладан, туманнинг “Ал-Бухорий” ҳудудидаги томчилатиб суғориш усулида барпо этилган 355 гектар мевали дарахтзор қатор ораларига полиз экинлари, тарвуз кўчатлари ўтқазилди. Муҳими, ёшлар ва ишсиз фуқаролар ўзларига ажратилган ер майдонида кўтаринки руҳда такрорий экин экиб, ундан унумли ҳосил олишни мақсад қилишган.

Аҳамиятлиси, айни йўналишда олиб борилаётган назорат тадбирлари бозорларимизда тўкин-сочинлик таъминланиши, аҳоли фаровонлик даражаси янада ошишига хизмат қилади.

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

 

Text to speech