Ру Ўз O`z En

НАВОИЙДА 59 МИНГ 146 ГЕКТАР ҒАЛЛА МАЙДОНИГА СУСПЕНЗИЯ СЕПИЛДИ

9 Апрель 2021 2431

Маълумки, бошоқли дон экилган майдонларда экин ҳолатини инобатга олган ҳолда баргидан озиқлантириш, яъни суспензия сепиш, суғориш, озиқлантириш каби агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли амалга ошириш ғалладан юқори ва сифатли дон ҳосил олишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Навоий вилоятида жами 38 039 гектар майдонга 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан ғалла майдонларида суспензия сепиш ишларининг жадал бориши назоратга олинган.

Вилоятда суспензия сепиш ишларига қатнашадиган пуркагичлар сони 130 тани ташкил этиб, шундан 108 та ОВХ, 22 та штангали техникалари ҳисобланади. Бугунги кунда мавсум бошидан буён 59 146 гектар ғалла майдонларига суспензия сепилди. Ҳудудда биринчи супензия сепиш ишлари тўлиқ якунланиб, иккинчи суспензия сепиш ишлари давом этмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, суспензияни майсалар тўлиқ найчалаш босқичига кирганда ўтказиш лозим. Ғаллани баргдан озиқлантириш ҳосилдорликни 3-5 центнерга оширади ва дон сифатини яхшилайди.

-Пуркаш ишлари ўтказилаётганда ҳаво очиқ бўлиши керак, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Бегзод Бозоров. – Ҳарорат 18-25 градус атрофида ва намлик 65 фоиздан кам бўлмаган миқдорда кўзланган натижага эришилади. Ёғингарчилик эҳтимоли бўлганда пуркаш ишларини камида 4 соат олдин якунлаш ёки ёмғир тугашини кутиб, ўсимликлар қуригандан сўнг пуркаш зарур. Фермерларнинг илиқ об-ҳаводан унумли фойдаланиб, суспензия ишларини кечиктирмай амалга оширилиши назорат қилиб борилмоқда. Жумладан, пуркагичларни ишга чиқмаслик сабаблари ўрганилиб. Инспекция вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан сабабсиз ҳолда суспензия сепиш ишларига қатнашмаган пуркагичлар борлиги аниқланганда, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига нисбатан огоҳлантириш таъсир чоралари кўрилмоқда.

Вилоятнинг Қизилтепа туманида 10 224 гектар майдонга 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экилган бўлиб, суспензия ишларига 30 та ОВХ қишлоқ хўжалиги техникалари жалб этилган. Бугунги кунга қадар 15 863 гектар майдонда суспензия сепиш ишлари амалга оширилди.

Туманнинг “Арабон” ҳудудида жойлашган “Хусбуддин баракали ҳосили” фермер хўжалигида ҳам ғалла майдонига иккинчи суспензия сепиш ишлари олиб борилмоқда.

- Ғалла майдонимиз 30 гектарни ташкил этади, - дейди фермер хўжалик раиси Дилмурод Тўхтаев. – Суспензия сепиш сифатли ва кечиктирилмай бажарилса, эртанги ҳосилдорликнинг мўл бўлишига хизмат қилади. Шуни инобатга олиб, муҳим агротехник тадбирни вақтида бошладик. Илиқ кунларда 1-суспензия сепиш ишларини тўлиқ тугатдик. Ҳозирда 24 гектар ғалла майдонига 2-суспензия сепиш ишлари якунланди. Яна бир марта ғалла майдонларига суспензия сепилади. Бу жараённи ҳам сифатли олиб боришни режалаштирганмиз.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, мавсум бошидан буён суспензия сепилган майдон туманлар кесимида таҳлил қилганда, Хатирчида 17 540, Навбаҳорда 13 559, Карманада 9 626, Конимехда 2 558 гектарни ташкил қилади.

Вилоятда қишлоқ хўжалигининг мазкур муҳим агротехник тадбири давом этмоқда.

 

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

 

Text to speech