Ру Ўз O`z En

Навоийда 8 404 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш ишлари бошланди

25 Март 2021 3167

Президентимиз томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда таъкидланганидек, тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ҳамда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж ўсиб бораётгани қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда. Бу борада Навоий вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган.

Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан сув тежовчи технологияларни олиб келиб ўрнатиш, шартномаларни расмийлаштириш ва бошқалар назорат остига олинган.

Маълумот ўрнида қайд этиш керак, 2021 йил вилоят бўйича 12 474 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиши режалаштирилган. Сув тежовчи ускуналарни харид қилиш учун тегишли ташкилотлар билан 431 та шартномалар тузилган бўлиб, бу 12 567 гектар майдонда ушбу технологиялар ўрнатилади деганидир. Бунинг учун вилоят бўйича фермер ва тадбиркорларга тижорат банклари томонидан 131 миллиард 12 миллион сўм маблағ ажратилди. Бугунги кунда 8 404 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун қурилиш ишлари бошланган.

Вилоят бўйича 2021 йилда пахта хомашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш юзасидан ҳам чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, 10 000 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш, 576 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида эса ёмғирлатиб суғориш технологиялари ўрнатилади.

Кармана туманида 2 555 гектар майдонда 2021 йилда қишлоқ хўжалиги экин майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш кўзда тутилган бўлиб, айни даврда тумандаги 1 681 гектар гектар майдонда томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилган.

Туманнинг “Нарпай” ҳудудида жойлашган “Шоҳижаҳон келажаги Кармана” фермер хўжалигининг ер майдони 100 гектар бўлиб, 44 гектари пахта экишга мўлжалланган. Фермер Шуҳрат Тошев 44 гектар пайта майдонига томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатиш учун ҳаракатни бошлади. Бунинг учун кредит асосида 770 миллион сўм сарфлади. Шартномага кўра, сифатли полиэтилен қувурлар олиб келтирилиб, 44 гектар майдонга тўлиқ ўрнатилди.

 -Пахтани суғоришда кўплаб қийинчиликларга дуч келар эдик,- дейди фермер Ш. Тошев. - Сув тежовчи технологияларни ўрнатганимиз, сув исрофини олдини олиши, ҳар бир қаторга сувнинг тўлиқ етиб бориши, шу билан бирга ишчи кучини камайтиргани билан бизга маъқул бўлди. Чигитни қўшқатор усулида экмоқчимиз. Бу қувур ётқизилган майдонга культивация ишлари учун техникаларни чигит экилганидан ғўза етилгунига қадар агротехник тадбирларни бемалол бажариш учун ҳам имконият яратади. Ҳосилдорлик 50-60 центнерга етади, деган ниятдамиз. Олинган кредитни субсидия маблағлари ҳисобидан тўлашни мўлжаллаб турибмиз.

 - Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 95-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилган майдонларга субсидиялар ажратиш белгиланган, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Меҳриддин Воҳидов. - Унга кўра, пахта ва узум плантацияларига – 8 миллион сўмдан 11 миллион сўмгача, мевали экинларга – 6 миллион, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликларга – 2,5 миллион, сабзавот экинлари ва картошкага - 1,5 миллион, полиз экинларига – 1,3 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратиш белгиланган.

Вилоятнинг Қизилтепа туманида 2021 йил 3220 гектар қишлоқ хўжалиги майдонида, Хатирчида 3648, Карманада 2555, Навбаҳорда 2550, Нуротада эса 594 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида томчилатиб суғориш жорий этилади. Биргина Қизилтепа туманида “Шаҳзод келажаги”, “Сафарота”, “Мустафобобо 2021”, “Дурбек 2002” ва бошқа фермер хўжаликлар томонидан пахта майдонларида сув тежовчи ускуналарни ўрнатиш учун ҳовузлар қизилиб, зарур бўлган маҳсулотлар- ер ости қувурлари, лента, фильтр, насос ва бошқаларни пудратчи ташкилотлар билан шартнома асосида олиб келиб қуриш ишлари давом этмоқда.

-   Экинлар томчилатиб суғорилганда, сувнинг тупроққа беҳудага шимилиши бартараф этилади, - дейди “ЎзагроинспекцияҚизилтепа туман бўлими катта инспектори Эркин Азимов. - Даладан ташламага сув чиқарилмайди. Натижада суғоришга ишлатиш учун режалаштирилган сувнинг катта қисми тежалади. Томчилатиб суғоришда даланинг фақат экин экилган қисмигина суғорилади, яъни асосан экин суғорилади. Пировардида томчилатиб суғорилганда, бошқа суғориш усулларига нисбатан экин турига қараб 50 фоизгача сув тежалади.

Шубҳа йўқки, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувни исроф қилмаслик, тежаш, шу билан бирга  ҳосилдорлик чўғи баланд бўлиши мақсадидаги бу каби саъй-ҳаракатлар халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлиги йўлидаги эзгу қадамлардан биридир.

 

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

Text to speech