Ру Ўз O`z En

НАВОИЙДА АНИҚЛАНГАН ҚОНУНБУЗИЛИШЛАР ИЧИДА ЭНГ КЎП УЧРАГАНИ СУВДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНМАСЛИК ЮЗАСИДАН БЎЛМОҚДА

25 Июнь 2021 1908

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекциясининг Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан доимий равишда назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Мақсад қишлоқ хўжалиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, соҳада йўл қўйилаётган турли хато ва камчиликларни бартараф этиш, унинг олдини олишдир. Хусусан,  жорий йилнинг 11-20 июнь кунлари вилоятда жами 122 та назорат    тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 45 тасини текшириш ҳамда 77 тасини мониторинг ташкил этади.

-  Текширишлар давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан жами 24 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарорлар қабул қилиниб 4 миллион 255 минг сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ташкилий-назорат ва таҳлил бўлими бош инспектори Орифжон Назаров. – Шундан 113 та корхоналарга огоҳлантиришлар, 7 та тақдимнома ва 7 та ёзма кўрсатмалар киритилган. Қонуний қарор қабул қилиш учун 24 та материаллар судларга ҳамда 1 та ҳолатда прокуратура органларига юборилган.

Вилоятда ўн кун ичида 56 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Уларни соҳалар кесимида таҳлил қилганда, айни куннинг долзарб мавзуси бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сувдан оқилона фойдаланишда ҳали ҳамон эътиборсизликка йўл қўйиб келинаётгани, айни шу сабаб бу йўналишда қонун бузилишлар кўплаб учраётгани ачинарли ҳол.  Сувни исроф қилиш, суғориладиган ғўза майдонларини кўллатиб юбориш, сувни тўғридан тўғри коллектор-дринаж тармоқларига ташлаб қўйиш ва бошқа ҳолатлар ўн кунлик давомида аниқланиб, бу бўйича таъсир чоралари кўрилди.

Жумладан, Хатирчи туманидаги “Турди тиниқ” чорбоғи” фермер хўжалиги томонидан ғўза майдонларини суғоришда 0,10 гектар қисмини кўллатиб юборилишига йўл қўйилган. Бундан ташқари, тумандаги “Мамарасул бобо 22” фермер хўжалиги томонидан 10 литр/секунд сувни фойдаланмасдан зовурга ташлаб қўйилган. Мазкур аниқланган ҳолатлар юзасидан тўпланган материаллар туман судига юборилиши таъминланди.

Шу билан бирга ўн кун давомида кўплаб фермерларга ғўзани суғоришдаги камчиликларини бартараф этиши юзасидан огоҳлантиришлар берилди. Жумладан, Навбаҳор туманидаги “Ҳуррият Қобилова” фермер хўжалиги томонидан ғўза майдонида шарбат ҳандақлари ташкил этилмаган. Оқибатда ғўза майдони “шарбат”сиз суғорилганлиги аниқланди.

Сув тақчиллиги мавжуд бир пайтда сув исрофгарчиликка йўл қўйган, бепарво бўлган фермер хўжалик раҳбарларига огоҳлантиришлар берилди.

Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан мазкур йўналишдаги назорат тадбирлари давом этмоқда.

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech