Пахта етиштиришда барча агротехник тадбирларни ўз муддатида ва сифатли бажариш ўта муҳим жараён ҳисобланади.
Хусусан, чигит экилган майдонларда биринчи ишлов бериш алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу тадбир сифатли бажарилмаса, кўчат бир текис олинмайди ва далада ниҳоллар нимжон бўлиб, касалликларга чалинувчи ҳамда зараркунандалар билан зарарланишга мойил бўлиб қолади.
Жорий йил Навоий вилоятида 32 588 гектар майдонга чигит қадалган эди. Бугунги кунда вилоятда чигит экилган майдонларда 1-2 чинбарг, 3-4 чинбарг ва 5-6 чинбарг фазаларида ривожланаётган ниҳолларни кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан жойлардаги ғўза майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши устидан назорат олиб борилмоқда.
Жумладан, вилоятда мавжуд 740 дона культиваторлар ғўза қатор ораларига ишлов беришга жалб этилган бўлиб, ушбу культиваторлар ёрдамида ўртача бир кунда 3,5 гектар майдонда культивация ишларини амалга оширмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда вилоятда чигит экилган майдонларда ғўза қатор ораларига биринчи ишлов бериш ишлари якунланиб, 50-55 фоиз майдонларда иккинчи ишлов бериш ишлари ўтказилмоқда.
Ушбу агротехник тадбирни муҳумлиги шундаки –тупроқнинг юза қисмини майин юмшатиб, намни сақлаш, тупроқнинг тезроқ қизишини ҳамда микроорганизмларнинг яхши ривожланишини таъминлайди ҳамда далани бегона ўтлардан тозалайди - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Беҳзод Бозоров.
Ғўза қатор ораларига ишлов беришда культиваторларнинг ишчи органларининг тўлиқ ва тўғри ўрнатилиши ҳамда уларнинг созлиги инспекция томонидан қаттиқ назорат ўрнатилган.
Масалан, биринчи ишлов беришда чопиқ агрегатига 60 см кенгликдаги ҳар бир қатор орасига икки жуфтдан ротацион юлдузчалар, иккитадан қирқувчи пичоқ ва биттадан ўқёйсимон панжа ўрнатилади. Қатор ораси 90 см бўлганда ушбу тўпламга яна иккитадан қирқувчи пичоқ қўшилади. Далада бегона ўтлар кам бўлса, тупроқни майин юмшатиш учун қирқувчи пичоқлар ўрнига юмшатгич панжаларни қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, ўғит солиш жараёни сифатли ва меъёрда амалга оширилиши учун ўғит солиш аппаратлари, ўғит ўтказгичлар ва ўғит сошниклари ҳам соз бўлиши керак. Булар бўйича фермерларга керакли тавсиялар бериб келинмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, бугунги кунда вилоятда ғўза майдонларини чопиқ қилиш ишлари 105 фоиз, яганалаш ишлари эса 75 фоиз майдонда 29 350 нафар ишчилар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари мавсум бошидан буён вилоятда жами 347 та чуқур юмшатгич билан 71 фоиз майдонида чуқур юмшатиш ишлари бажарилди.
Ғўза агротехникаси тадбирларининг сифатли ва ўз вақтида олиб борилиши эртанги ҳосилнинг мўл бўлиши ва хирмоннинг баракали бўлиши гаровидир.
Шунинг учун, вилоятда парвариш қилинаётган ғўза майдонларида амалга оширилаётган ҳар бир агротехник тадбир “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан доимий назоратга олиниб, аниқланган камчликларни жойида бартараф қилиш юзасидан чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати