Айни кунларда Республикамиз бўйлаб 2021 йил ғалла ҳосили учун бошоқли дон экилган майдонларда агротехник тадбирлар қизғин олиб борилмоқда. Бунда асосий мақсад сифатли ҳосилдорликка эришишга қаратилган.
Навоий вилоятида 2021 йил ғалла ҳосили учун жами 38 минг 39 гектар ерга кузги бошоқли дон экиш ишлари амалга оширилган эди. Шундан 8 минг 564 гектари очиқ майдонларга, 29 минг 474 гектари ғўза қатор ораларига тўғри келади. Кузги бошоқли дон парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирларнинг бориши “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан назоратга олинган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, жорий йил Кармана туманида жами 6 минг 120 гектар, Конимехда 1 минг 785, Қизилтепада 10 минг 224, Навбаҳорда 8 минг 682, Хатирчида 11 минг 228 гектар очиқ майдон ҳамда ғўза қатор ораларига кузги бошоқли дон экиш ишлари якунланиб, ушбу майдонларда ғаллани парваришлаш бўйича белгиланган агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ғалла майдонларида маҳаллий ўғит жамғариш айни куннинг муҳим жараёнларидан бири саналади. Кўпни кўрган тажрибали деҳқонлар билишади, кеч куз ва қиш мавсумлари келгуси йил ҳосилига тайёргарлик кўриш учун асосий даврдир. Бунда маҳаллий ўғит жамғаришга алоҳида эътибор қаратилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, тупроққа маҳаллий ўғитлар солинганда оғир тупроқларнинг зичлиги камаяди, уларга ишлов бериш осонлашади, ҳаво ва сув сингдириш қобилияти яхшиланади. Маҳаллий ўғитлар таркибида ўсимлик учун зарур бўлган шакл ва нисбатларда барча озуқа унсурлари мавжуд бўлиб, бу қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олиш учун муҳим омил бўлиб ҳисобланади.
Бугунги кунда вилоятда ғалла экилган ҳар бир контурнинг сув кирадиган қулоқлари бошида 3 х 2 х 1,5 ўлчамда 7607 та ҳосил ҳандақлари қазилиб, гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш ишлари давом эттирилмоқда. Хусусан, вилоятда парваришланаётган 38 минг 39 гектар ғалла майдонларига маҳаллий ўғит жамғариш режаси 190 минг 195 тонна бўлиб, бугунги кунда 119 минг 382 тонна маҳаллий ўғит жамғарилди. Жумладан, Хатирчида 35 минг 562 тонна, Қизилтепада 29 минг 471, Навбаҳорда 29 минг 417, Кармана туманида 19 минг 430 тонна, Конимехда 5 минг 502 тонна маҳаллий ўғит жамғарилган.
Шунингдек, ғалла майдонларида маҳаллий ўғит жамғариш бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Бу борада сусткашликка йўл қўяётган фермерларга белгиланган тартибда огоҳлантиришлар берилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, вилоят бўйича бугунги кунда жами 36 минг 218 гектар майдонларда ғалла ниҳоллари униб чиқиб, шундан, 6 минг 50 гектари 1-2 барг, 10 минг 911 гектари 3-4 барг, 19 минг 257 гектари туплаш фазаларида ривожланмоқда.
Шу билан бирга бошоқли донни кечиктириб экиш эвазига ривожланишдан орқадан қолган ғалла майдонлари борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бу бўйича вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан керакли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
- Ҳудудлардаги айрим фермер хўжаликлари томонидан ғалла экиш ишлари кечиктирилганлиги сабабли бугунги кунга қадар вилоят бўйича 1 минг 821 гектар (4.8 %) ғалла майдонларида дон униб чиқмаганлигини кўриш мумкин, - дейди “Ўзагроинспекция” нинг вилоят бошқармаси техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими инспектори Собиржон Жалилов.- Бундан ташқари, вилоят бўйича 136 та фермер хўжаликларининг 2 минг 359 гектар ғалла майдонлари ривождан орқада қолган (қолоқ майдон). Ушбу рақамларни туманлар кесимида таҳлил қилганда, Кармана туманида 14 та фермер хўжалигининг 367 гектар, Конимехда 5 та фермер хўжалигининг 125 гектар, Қизилтепада 42 та фермер хўжалигининг 629 гектар, Навбаҳорда 39 та фермер хўжалигининг 564 гектар, Хатирчида 36 та фермер хўжалигининг 674 гектар ривождан орқада қолган ғалла майдонларига тўғри келади.
Мазкур фермер хўжаликлари раҳбарлари Инспекциянинг туман бўлимлари томонидан белгиланган агротехник тадбирларни ўз муддатларида бажарилишини таъминлаш тўғрисида расман огоҳлантирилган.
Шунингдек, вилоятда униб чиқмаган, ривождан орқада қолган “қолоқ” ғалла майдонларини қолоқликдан чиқариш юзасидан январь-февраль ойларида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу чора-тадбирлар дастурига вилоят ҳамда туман ташкилотларидан масъуллар бириктирилган.
Вилоятда инспекторлар томонидан ғалла парвариши бўйича назорат тадбирлари давом этмоқда.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати