Ру Ўз O`z En

НАВОИЙДА КУЗГИ БОШОҚЛИ ДОН ЭКИШГА ТАЙЁРГАРЛИК ҚИЗҒИН ПАЛЛАДА

8 Сентябрь 2020 4268

Маълумки, дон –халқимиз ризқ-рўзи, фаровонлик омили саналади. Халқимиз нон ва нон маҳулотларини кўп истеъмол қиладиган давлатлар қаторига киради. Ўзбек дастурхонининг бош безаги ҳам нон ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда ғалла етиштириш, ғалла майдонларини озиқлантириш, бу борадаги агротехник тадбирларни кечиктирмай олиб боришга катта эътибор каратилган. 2021 йил ҳосили учун экилиши режалаштирилаётган бошоқли дон экинларини экиш қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалар сирасига кириши ҳам шундан. Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Конимех, Кармана, Қизилтепа туманлари фермер хўжалик далаларида мазкур мавзуга оид кўргазмали ўқув амалий семинарлар бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Саъдулла Истамов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясинининг вилоят ҳамда туман бўлимлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига алоқадор корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда ғалла экиш “отряд” раҳбарлари, ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжалик раҳбарлари иштирок этишди.

Семинарларда 2021 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш мавсумига тайёргарлик кўриш, сифатли қилиб, конверт усулида ерга ер қўшган ҳолда ер тайёрлаш ва экиш ишларини талаб даражасида амалга ошириш тўғрисида сўз борди. Шунингдек, экилган ғалла майдонларини суғоришдаги мавжуд тартибларни амалга ошириш, дон экиш сеялкалари афзалликлари ҳақида ҳам гапирилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, вилоятда жорий йил 38 минг 39 гектар майдонга кузги бошоқли дон экиш мўлжалланган бўлиб, унинг 8 минг 565 гектари очиқ майдонга, 29 минг 474 гектари ғўза қатор орасига экилиши режалаштирилган. Ғалла майдонларини экишга тайёрлаш, шунингдек, 2021 йил ҳосили учун уруғлик донни саралаш, дорилаш ишларини сифатли бажарилиши, уруғлик донни қайта ишлаш цехларида мавсумга ҳозирликни кўнгилдагидек бориши “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ходимлари назорати остида давом этмоқда.

Инспекция вилоят бошқармаси катта инспектори Аббос Ризоқуловнинг таъкидлашича, “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖ корхонасининг уруғлик дон тайёрлаш шохобчалари томонидан 2020 йил ҳосилидан жами 9705 тонна шундан 1-уруғлик цехга 3268 тонна, 2-уруғлик цехга 6436 тонна уруғлик дон жамғарилган.

Жамғарилган уруғлик донларнинг 206 тоннаси Супер элита авлодли, 3890,6 тоннаси Элита авлодли ва 5607,9 тоннаси R-1 авлодли уруғлик донлар ташкил этади. Бугунги кунда график бўйича дорилаш режаси 7385 тонна бўлиб, амалда дорилаш ишлари 8175 тонна ёки графикка нисбатан 368 тонна ортиқча дориланган.

Жорий йил Қизилтепа туманида 10 минг 224 гектар майдонга кузги бошоқли дон экиш кўзда тутилган. Унинг 3 минг 756 гектари очиқ майдонга, 6 минг 468 гектари ғўза қатор орасига тўғри келади. Хусусан, туманнинг “Арабон” ҳудудида жойлашган Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Навоий вилояти илмий тажриба станциясининг 50 гектар майдондаги ғўза қатор орасига уруғлик экилади.

- Уруғлик доннинг “Аср”, “Гром”, “Давр” ва бошқа навларидан экишни мўлжаллаб турибмиз, - дейди филиал директори Абубакир Тоғаев - Дон униб чиқиши ва парвариши сифат даражасида бўлишига аҳамият қаратганмиз. Шунга кўра, Туркиянинг минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи “Агро-Анталя” фирмаси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бугунги кунда 420 килограмм буғдойнинг ўсиб чиқишидан то дон бўлганча жараённи қамраб оладиган кимёвий ўғитлар келтирилиб, захира яратилган. Ҳосилдорликни 70-80 центнерга олиб чиқишни режа қилганмиз.

Таъкидлаш керакки, кузги бошоқли дон экиш билан боғлиқ барча жараёнлар “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Вилоятда 10 сентябрдан бошланадиган экиш тадбирларини 10 октябргача якунлаш белгиланган.

 

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Text to speech