Ру Ўз O`z En

НАВОИЙДА ПАХТА ЙИҒИМ-ТЕРИМИ БОШЛАНДИ

14 Сентябрь 2021 2828

Навоий вилоятида жорий йилда 32 минг 588 гектар майдонлардан 110 800 тонна пахта хом-ашёси етиштириш режалаштирилган.

Бугунги кунга келиб вилоятнинг Қизилтепа, Хатирчи, Кармана, Навбаҳор ва Конимех туманларида пахта терими бошланди. Айни қизғин мавсумда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари зиммасига муҳим вазифалар юклатилган. Жумладан, терим мавсумида қатнашадиган транспорт тракторлари, тиркамаларнинг таъмирлаш масканига йиғилиши, мавсумга соз ҳолатда қатнашиши, пахта қабул қилиш масканларидаги лабораториялар ҳозирлиги ва бошқалар Инспекция вилоят бошқармаси ходимлари назорати остига олинган.

 Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Беҳзод Бозоров берган маълумотларга кўра, пахта терими мавсумида вилоят бўйича 339 та транспорт тракторлари ва 982 та тиркамалар қатнашиши белгиланган. Бугунги кунда ушбу техникаларнинг барчаси таъмирланиб, мавсумга қатнашишга соз ва  шай ҳолатга келтирилган.

Вилоят бўйича жами 1 минг 315 тонна пахта териб олинган бўлса, бир кундаги кўрсаткич 564 тоннани ташкил этмоқда. Туманлар кесимида таҳлил қилганда, йиғиб олинаётган пахта ҳосилининг асосий ҳиссаси Қизилтепа туманининг Ўртачўл массиви “Худоёр Сулаймонов”, “Ўртачўл юлдузи”, “Тошработ”, “Ванғози”, “Зарметан” ҳудудларида жойлашган фермер хўжаликлар ҳисобига тўғри келади.

Туманда бугунги кунда 86 та фермер хўжаликларида терим ишларига киришилган. Туман бўйича мавсум бошидан буён 1 минг 315 тонна “оқ олтин” терилиб, пахта қабул қилиш масканларига етказилди.

-    Туманнинг пахта хомашёси топшириш шартнома режаси 28 496 тоннани ташкил қилади, - дейди Инспекциянинг Қизилтепа туман бўлими бошлиғи Умар Турсунов. - Чигит қадалганидан бошлаб терим бошлангунига қадар бўлган агротехник жараёнлар инспекторларимиз томонидан назорат қилиб борилди. Теримда қатнашадиган 52 та транспорт тракторлари, 270 та тиркамалар соз ҳолатга келтирилди. “Бахт текстиль” масъулияти чекланган жамиятининг Қизилтепа туман филиалига қарашли тўртта пахта қабул қилиш масканларида Инспекция туман бўлими ходимлари ҳамда бошқа дахлдор ташкилотлар билан бирга пахта қабул қилишда фермер ва кластер корхоналари ўртасидаги можароларни олдини олиш мақсадида арбитраж гуруҳлари тузилди. Барча пахта қабул қилиш масканлари замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланиб, уларнинг созлиги Давлат қиёслов кўригидан ўтказилгани инспекторларимиз томонидан ўрганилди.

-   24 гектар майдонга чигитнинг “Бухоро 6” навидан эккан эдик, - дейди тумандаги “Бирдамлик” фермер хўжалиги раиси Нарзулло Файзуллаев. – Бир неча кунда шартнома режасини бажаришни мўлжаллаб турибмиз. Пахта майдонида ҳосил мўл. Ҳосилни пахта қабул қилиш масканларига топширишда ҳозирча ҳеч қандай муаммога дуч келаётганимиз йўқ.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, вилоят бўйича пахта майдонларида йиғим-терим ишлари суръати кундан кунга ошяпти. Теримчиларга яратилган шароитлар, уларга иш ҳақларининг ўз вақтида берилиши, теримга жалб этилган қишлоқ хўжалиги техникалари созлиги Инспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

 

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Text to speech