Уруғлик пахтани қабул қилиб олиш ва уни белгиланган тартибларга риоя этган ҳолда сақлаш муҳим жараён ҳисобланади. Сабаби, келгуси йил ҳосилининг сифатли ҳамда мўл бўлиши уруғлик чигитнинг сифатли сақланиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Навоий вилоятида жорий йилда мавжуд пахта тўқимачилик кластерларига қарашли уруғлик пахта қабул қилиш корхоналари томонидан 6 минг 858,2 тонна уруғлик жамғарилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар жами 37 та, шундан 3 та омбор ва айвонларга ҳамда 34 та ғарамларга “Бухоро-102”, “Бухоро-6”, “Ан-Баёвут-2”, “Султон”, “С-01”навларидан иборат 6 минг 807,7 тонна уруғлик пахта қабул қилинган. Қабул қилиб олинган уруғлик пахтанинг ҳаммаси кластер корхоналари ҳисобига тўғри келади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекция вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонунига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрдаги “2020 йилда ғўзани навлари бўйича жойлаштириш ва пахта хомашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги 985-сон қарори ижроси юзасидан туманларда 2020 йил ҳосилидан етиштирилган уруғлик пахта хом ашёсини териш, тайёрлов пунктларида қабул қилиш, тўдаларга жамғариш, сақлаш устидан назорат ўрнатилган.
Айтиш керакки, вилоятда 2020 йил ҳосили учун уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлган фермер хўжаликларнинг апробациядан ўтган уруғлик пахта майдонларидан O’z DSt: 642:2013 “Уруғлик пахта. Техникавий шартлар” давлат стандарти асосида қабул қилиш ишлари олиб борилди.
Бошқарма инспекторлари томонидан пахта-тўқимачилик кластерлари корхоналарида 2020 йил пахта ҳосили учун жамғарилган 25 та уруғлик пахта ғарамлари ўрганилди. Тадбир давомида, туннел ковлаш, қирқиш, тараш ва паспорт карточкалари ёзиш ишлари якунига етказилганлиги, уруғлик пахта ғарамларига 1-категориядаги ёпгичлар билан тўлиқ ёпилганлиги ҳамда уруғлик пахта ғарамларини бир мартадан ҳаво сўргич орқали яъни отсос қўйиш ишлари якунига етказилгани маълум бўлди.
Лекин бир қатор камчиликлар, жумладан, 12 та уруғлик ғарамларда туннел ковлаш, қирқиш, тараш ва паспорт карточкалари ёзиш ишлари якунига етказилмаганлиги, уруғлик пахта ғарамларига 1-категориядаги ёпгичлар билан тўлиқ ёпилмаганлиги аниқланди. Қолаверса, “Бахт текстил” МЧЖга қарашли Кармана тумани А.Навоий пахта қабул қилиш масканида сақланаётган С-01 ғўза нави 1-авлодига мансуб уруғлигининг 409а-тўда рақамли 7а-ғарамига 6 октябрь кунига қадар уруғлик пахта қабул қилинган бўлиб, бугунгача тунеллар қазиш ишлари якунига етказилмаган.
Мазкур камчиликлар “Ўзагроинспекция”вилоят бошқармаси инспекторлари назорати остида бартараф этилиши таъминланди.
- Шунингдек, аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ходимларга нисбатан МЖтКнинг 212-моддаси 1-қисми билан маъмурий жазо қўлланилиб, тўпланган ҳужжатлар Кармана, Қизилтепа ва Хатирчи маъмурий судларига юборилди, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими бош инспектори Аббос Ризоқулов. - Бундан ташқари, қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тегишли ташкилотга тақдимнома киритилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керак, бугунги кунда 2020 йил ҳосили учун вилоятда тайёрланган уруғлик пахталарнинг ғарамларидан таҳлил учун намуналар танлаб олинмоқда. Уруғликларнинг механик шикастланиш даражаси, пишганлик даражаси, чигитнинг униб чиқиш қуввати, уруғнинг унувчанлиги ва 1000 дона уруғ вазни каби қатор кўрсаткичларини ҳамда сифатини ўрганиб бориш ишлари пахта-тўқимачилик кластерлари билан Инспекция қошидаги Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази ДУК Навоий вилояти филиали томонидан олиб борилмоқда.
Шу билан бирга вилоятда пахта тўқимачилик кластерлари томонидан жамғарилган уруғлик пахта хом ашёсининг сифатли сақланиши юзасидан назорат фаолияти давом эттирилмоқда.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати