Ру Ўз O`z En

НАВОИЙЛИК ПИЛЛАКОРЛАР ЗАФАР МАРРАСИДА

10 Июнь 2022 2067

Маълумки, ипакчилик тўқимачилик саноати ва халқ хўжалигини табиий ипак хом-ашёси билан таъминлаши билан муҳим соҳалардан бири ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, табиий ипак пишиқлиги, чўзилувчанлиги, чидамлилиги, кўркамлиги, енгил ва нафислиги, ҳаво ўтказувчанлиги билан бошқа газламалардан ва сунъий толалардан устун туради.

Шунинг учун ҳам табиий ипакдан халқ хўжалигини турли соҳаларида кенг фойдаланиб келинмоқда. Навоий вилоятида ҳам ипакчиликни ривожлантириш, мўл-кўл ва сифатли пилла хом-ашёсини етиштириш чора-тадбирлари кўрилган.

Вилоятда бешта пилла етиштирувчи корхона мавжуд бўлиб, биринчи ва иккинчи мавсум давомида 17 минг 878 қути тут ипак қуртидан 1 минг 19 тонна пилла хом-ашёсини етиштириш режалаштирилган.

Бугунги кунда мавсум бошидан буён вилоят бўйича жами 986 минг 5 тонна пилла тайёрланди. Ҳар бир қутидан ўртача ҳосилдорлик эса 57,2 килограммга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан пилла хом-ашёси етиштирувчи корхоналарда Давлат раҳбарининг “Пиллачилик тармоғида чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ҳамда 2022 йил ҳосили учун пилла хом-ашёсини етиштиришга тайёргарлик жараёнлари ўрганилмоқда.

Бундан ташқари, вилоятда 2022 йил пилла хом-ашёсини етиштириш учун пиллани қайта ишлаш корхоналари ва фермер хўжаликлари ўртасида контрактация шартномалари, шунингдек, фермер хўжаликлари билан қурт боқувчилар ўртасида ички шартномалар, тутзорларга бириктирилган касаначилар билан касаначилик шартномалари тузилгани юзасидан доимий ўрганишлар олиб борилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан огоҳлантириш ва ёзма кўрсатмалари берилиши, тегишли ҳокимлик ва ташкилотларга тақдимномалар киритилиши таъминланди.

-Хусусан, Кармана туманидаги “Karmana Ipak qurti urug`i” масъулияти чекланган жамияти томонидан 283 та фермер хўжалик ҳамда 99 та тутзорларга бириктирилган касаначилар билан касаначилик шартномалари тўлиқ тузилган.

Тузилган шартнома шартлари тўлиқ бажарилиши ва соҳага оид қонунчилик талабларига риоя этилиши натижасида корхона томонидан 459 қути ипак қуртидан 26,1 тонна пилла етиштириб, белгиланган режани бажарилишига эришилди. Мазкур корхонада доимий тарзда мониторинг тадбирларини олиб борганмиз, - дейди “Ўзагроинспекциянинг Кармана туман бўлими катта инспектори Н. Худойбердиев.

Бугунги кунда ипак қурти боқувчиларга ҳар бир килограмм пилла учун давлатимиз томонидан 5 минг сўм миқдорида субсидия тўлаб берилмоқда.

Ипак қуртининг муҳим озуқаси бўлган тут кўчатлари экиш ва тутзорлар барпо қилиш бўйича ҳам “Ўзагроинспекция” ходимлари томонидан мониторинг ишлари олиб борилиши йўлга қўйилган.

Жумладан, Кармана туманида баҳор мавсумида 451 минг дона тут кўчати экилди.Вилоят бўйича эса мавсум бошидан буён 3 млн. 992 минг туп тут кўчатлари ўтқазилди.

Пиллачиликни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган бу каби ижобий ўзгаришлар ва саъйи-ҳаракатлар келгусида ўз самарасини бериши, шубҳасиз.

З. Бобоева, Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари

Text to speech