2024-йил пахта ҳосилини ўз вақтида йиғиб-териб олиш мақсадида республикада 136 та пахта тўқимачилик кластерлари корхоналари ҳамда 30 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари пахта хомашёсини етиштириш ишлари билан шуғулланиб келишмоқда.
Республика бўйича фаолият олиб бораётган пахта тўқимачилик кластерларига қарашли 394 та пахта тайёрлов масканлари 2024-йил пахта ҳосилини қабул қилиш бўйича барча зарурий тадбирларни амалга оширилганлиги бўйича “Ўзагроинспекция” томонидан мониторинг тадбирлари ўтказилди. Мониторинг тадбирларида тарози-хоналарнинг тайёргарлиги, тарозиларни метрологик қиёсловдан ўтганлиги, пахта қабул қилиш масканлари ва улардаги синов лабораториялари қиёсловдан ўтказилганлиги, ёпиқ ва очиқ ғарам майдонлар, шунингдек, юклаш-тушириш механизация воситалари ҳамда ёритиш мосламаларини таъмирланиши каби муҳим жиҳатлар эътиборга олинди. Бир сўз билан айтганда пахта қабул қилиш масканларини тўлиқ шай ҳолатига келтирилиши Инспекция томонидан назоратга олинди.
Қишлоқ хўжалиги корхоналари ва тадбиркорлик субъектларида пахта маҳсулоти етиштириш ва қабул қилиш бўйича тузилган шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши, нобудгарчиликни камайтириш, келиб чиқиши мумкин бўлган зарарларни олдини олиш ва низоларни ўз вақтида жойида ҳал этиш мақсадида “Ўзагроинспекция” томонидан барча вилоят бошқармаларида мобил арбитраж гуруҳлари ташкил этилди.
Шунингдек, сентябрь ойида Инспекция ҳузуридаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасасининг ҳудудий филиалларида пахта хом-ашёсини давлат стандартлари асосида қабул қилиниши бўйича соҳада фаолият олиб бораётган барча мутахассислар иштирокида ўқув семинарлари ташкил этилди.
Семинарда “Ўзагроинспекция”нинг вилоятлар бошқармалари мутахассислари иштирок этиб, йиғилганларга Мобил арбитраж гуруҳларининг вазифалари, фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига кўрсатилиши белгиланган амалий ёрдам тадбирлари бўйича расман хабардор қилиш ва дастлаб уларда қонунбузилишларга йўл қўйилишини олдини олиш ҳамда соҳага оид амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
2024-йил пахта ҳосилини қабул қилишда низоларни жойида тезкор ҳал этиш шунингдек, қабул қилинаётган пахта хом-ашёсининг сифат кўрсаткичлари тўғри таҳлил қилиниши “Ўзагроинспекция” томонидан мунтазам назорат қилиб борилмоқда.