Ру Ўз O`z En

Ноқонуний эгалланган ер майдони фермер хўжалигига қайтарилди

26 Октябрь 2020 2912

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Низомга асосан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан назорат "Ўзагроинспекция" зиммасига юклатилган.

Инспекциянинг Нуробод тумани бўлими томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилди ва тадбир давомида қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва фуқаролар томонидан ер ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, ер майдонларини ўзлаштириш каби қонунбузилиш ҳолатлари учради.

Хусусан, 2020 йилнинг ўтган даври давомида ўтказилган мониторинг-таҳлиллар давомида жами 22 нафар фуқаро томонидан 7,38 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши оқибатида давлатга 279 млн 819 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланди.

Жумладан; Нуробод туманининг Нурбулоқ массиви ҳудудидаги “Сарбон сабр нур” фермер хўжалигига қарашли 48 балли сувли ер майдонидан Кечкелдик МФЙда яшовчи фуқаро Ш.Ж. 0,27 гектар, Олтинсой МФЙда яшовчи фуқаро А.Э. А.Темур массиви ҳудудидаги “Чунқаймиш улка РАН” фермер хўжалигининг лалмикор ер майдонидан 0,20 гектар ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб олганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун ер учаскалари бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 146-сонли қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилар, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига асосан, Инспекциянинг Нуробод тумани бўлими томонидан етказилган зарарни ундириш бўйича Нуробод туман судига даъво аризаси киритилди.

Суд қарорига кўра, даъвогарнинг қонуний талаби тўлиқ қаноатлантирилиб, фуқаролар томонидан қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг муомиладан чиқарилиши оқибатида етказилган 279 млн 819 минг сўмлик зарар  давлат фойдасига ундирилди ҳамда ноқонуний эгалланган ер майдонлари фермер хўжаликларига қайтарилди.

 

Аслиддин Тўраев, Инспекциянинг Нуробод тумани бўлими катта инспектори

А.Худоёров, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори

Text to speech