Ру Ўз O`z En

Ноябрь ойида боғ-токзорлар, мевали боғларда амалга ошириладиган агротехник тадбирлар

6 Ноябрь 2020 3049

Куз ойларида боғ-токзорлар, мевали боғларда олиб бориладиган ишларни тўғри режалаштириш катта аҳамият касб этади. Мевали дарахтлардан келгуси йилда юқори ҳосил йиғиб олиш учун ноябрь ойида бажариладиган агротехник тадбирлар муҳим ҳисобланади.

Ноябрь ойида боғ - токзорларда келгуси йилда мўл ва сифатли ҳосил олиш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш талаб қилинади: 1. Боғ ва токзорлардаги тўкилган баргларни йиғиб олиш ва даладан ташқарига чиқариб ташлаш; 2. Боғ ва токзорларнинг атрофини 25 - 30 см чуқурликда ағдариш; 3. Мевали дарахтларнинг касалланган новдаларини кесиб ташлаш; 4. Қуриб қолган, синган шоҳларни қирқиб олиб ташлаш; 5. Боғ қатор ораларини ағдариб, ҳайдаш ишларини амалга ошириш; 6. Об-ҳаво шароитига қараб, ёғингарчилик бўлмаган кунларида дарахтларнинг барглари 70-80 % тўкилган боғларни монилиоз, парша ва бошқа касалликларга қарши Фиталовин+Фармоед (10 л сувга 20 г + 5 г) ёки Карбомиднинг 6 ёки Бордо суюқлигининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўл қилиб ювиш; 7. Ноябрь-Декабрь ойларида дарахтларга яҳоб суви бериш.

Шу билан бар қаторда боғларда, мевали дарахтларни биринчи галда ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, йирик мевали олча дарахтларининг тана ва она шоҳларини оқлаш талаб этилади. Бунда 10 л сувга 2 кг. тупроқ, 1,5 кг оҳак ҳамда мол шатмоғи қўшиб аралашма тайёрланиб оқланса, оқланган жой тез ювилиб кетмаслигини тажрибали фермерларимиз жуда яхши билишади.

Шунингдек, мутахассисларни таъкидлашича боғларни шудгор қилишдан олдин ҳосилли боғларга ҳар 2-3 йилда бир маротаба гектарига 20-40 тонна органик ўғит (гўнг), ҳар йили минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 150-180 кг, калий 50-60 кг солиниб, боғлар 35-40 см, токзор қатор оралари эса 25-35 см чуқурликда шудгор қилиниши керак. Шунда боғ ва токзорлардан юқори сифатли ҳосил олиш мумкин. Бўз тупроқлардаги боғ ва токзорларга ҳар йили соф ҳолда 60-90 кг фосфор ва 60 кг калий солинишини мақсадга мувофиқ бўлиб, бу орқали боғ ва токзорларнинг ҳосилдорлиги ҳамда турли касалликларга ва совуққа чидамлилигини оширини келтириб ўтишган.

Ер ости сувлари чуқур бўлган ҳамда мавсумда етарли даражада суғорилмаган боғ ва токзорларга яҳоб суви берилиши келгуси йилда юқори ҳосил олиш имкониятини яратади. Ноябрь ойида боғ ва токзорлар атрофида маҳаллий ўғитларни жамғариш, токзорларда симбағазларни таъмирлаш ишлари олиб борилади. Резавор мевали ўсимликлар: қулупнайзорлар қатор оралари 12-15 см чуқурликда юмшатилиб, гектарига 15-20 тонна ҳисобида маҳаллий ўғит (гўнг) солинади. Шунда ўсимлик қишки совуқ уришдан сақланади ва келгуси йили мўл ҳосил беради. Малиназорларда қуриган малина новдалари кесиб ташланиб, дала четида ёқиб юборилади. Минерал ўғитлардан соф ҳолда гектарига фосфор 60–90 кг, калий 30–45 кг ҳамда органик ўғитлардан гўнг 10–15 тонна солиниб, қатор оралари 12–15 см чуқурликда шудгорланади. Тупроқда намлик етарли бўлмаса, у ҳолда қўшимча суғориш ишлари амалга оширилади.

Ноябрь ойининг иккинчи ярмидан янги боғлар барпо қилиш, яъни мевали кўчатларни экиш мумкин. Бунда асосан уруғ мевалилар олма, нок ва беҳи кўчатлари экилади. Данакли мевалилардан ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, олча кўчатлари эса эрта баҳорда экилади, чунки улар совуққа чидамлилиги пастроқ бўлганлиги боис, совуқ кучли бўлган вақтда совуқ уриши мумкин. Токзорларда токларни кесиш, қўндоқлаш, дорилаш ва кўмиш ишларини ноябрь ойининг биринчи ярмида тугаллаш катта аҳамиятга эга. Чунки бу йилги об ҳаво шароити салқин бўлиши кузатилаётган бир пайтда барча дала ишларини ноябрь ойида тугатиш келгусида яхши натижа олишга имкониятини яратади.

Бундан ташқари, токларни кесишда энг аввало касалликлар билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб, токзордан ташқарига чиқариб ташланиб ёқиб юборилади. Кесилган ток туплари қўндоқланиб ётқизилгач, кўмишдан олдин оидиум (кул), антракноз ва рак касалликлари юқумига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 фоизли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан ёки мис купоросининг 1 фоизли ёки темир купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш зарур бўлади. Токлар тўлиқ кўмилиб бўлгач қатор ораларига минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 90-120 кг, калий 40-45 кг ҳамда 10-15 тонна гўнг солиниб, тупроқ 25-30 см чуқурликда шудгор қилинади.

 

 

 

Text to speech