Ру Ўз O`z En

Нурободда жорий йилда 43 минг бошдан зиёд наслли қоракўл қўзилар олинади

4 Апрель 2022 2203

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ- 4420-сонли қарорига асосан, 2019–2023 йилларда қоракўлчилик хўжаликларига етиштирилиб экспортга сотилган ҳар бир дона қоракўл териси учун Давлат бюджетидан 50 минг сўмдан ва қоракўлча териси учун 75 минг сўмдан субсидия ажратилиши белгиланди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг Нуробод туманида қоракўл қўйларининг наслини яхшилаш, сифатли ва экспортбоп қоракўлча терилар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятнинг Нуробод туманидаги мавжуд 94 та хўжалик юритувчи субъектларга тегишли 364 минг гектар яйловларда 162 минг бошдан зиёд майда шохли моллар парваришланмоқда. Шуларнинг 31 минг бошдан ортиғи қоракўл қўйларни ташкил этади.

Айни кунларда Нурободлик чорвадорлар 6 та фермер хўжаликлари ва 6 та масъулияти чекланган жамиятлари томонидан парваришланаётган қоракўл қўйларидан сифатли насл олиш юзасидан тўл мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишмоқда.

Эътиборли жиҳати, Президентимизнинг юқоридаги қарори асосида етиштириб экспортга сотилган ҳар бир дона қоракўл териси учун Давлат бюджетидан 50 минг сўмдан ва қоракўлча териси учун 75 минг сўмдан субсидия ажратилиши қоракўл қўйларнинг наслини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Ўтган йили туман отарларига Афғонистон республикаси, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан наслли қоракўл қўчқорлар келтирилди. Шу орқали наслчилик ишлари илмий асосда такомиллаштирилмоқда.

-Жорий йилги тўл мавсумида она қўйларни сунъий қочириш эвазига сифатли ва экспортбоп қоракўлча терилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жумладан, туманнинг Каттақўрғон МЧЖ томонидан 10 минг майда шохли моллар парваришланмоқда. Мазкур хўжаликда Афғонистондан келтирилган наслли қоракўл қўчқордан экспортбоп “Кўк қоракўлча” насли яратилди,-дейди “Каттақўрғон” МЧЖ раҳбари Йўлдош Казаков. 

-Агроинспекциянинг Нуробод туман бўлими томонидан тўл мавсумининг уюшқоқлик билан ўтказилиши, туғилаётган қоракўл қўзиларга идентификация рақам белгилари берилиши масалаларига алохида эътибор қаратилмоқда,-дейди Агроинспекциянинг Нуробод туман бўлими катта инспектори Бованар Сағдуллаев.

Жорий йил тўл мавсуми давомида мавжуд 60 минг бош она қўйдан 55 минг бошдан ортиқ қўзи олиш режалаштирилган. Натижада ўртача 20 та янги отарлар шакллантирилиб, янги иш ўринлари яратилади.

 “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Text to speech